Хитой Эрондан ҳусийларни тинчлантиришни сўради – “Reuters”
World
−
21:58 914 2 minutes
Ҳусийларнинг Боб ал-Мандеб бўғози ҳудудидаги ҳарбий ҳужуми фонида Саудия Арабистони мурожаатидан сўнг Хитой ёпиқ эшиклар ортида Эрондан Яман ҳусийларига таъсир ўтказишни сўради. Бу ҳақда учта иронлик манбага таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, ҳусийлар Қизил денгиз соҳили бўйлаб шиддатли илгарилаб, Саудиянинг нефть экспорти ва кемалар қатновини хавф остига қўйгач, Ар-Рияд ёрдам сўраб Пекинга мурожаат қилган.
“Пекин Эронни низонинг дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти бўлмиш Хитой боғлиқ бўлган энергия ресурсларини ташиш йўлларига янада кенгайишига йўл қўймаслик учун ҳусийларга бўлган ўз таъсиридан фойдаланишга чақирмоқда”, дейилади хабарда.
Нашр манбалари Пекин агар Теҳрон ҳусийларга таъсир ўтказишдан бош тортса, тўғридан тўғри таҳдид қилмаганини ва Эронга иқтисодий босим ўтказишга тайёрлиги ҳақида сигнал бермаганини айтган.
“Хитой минтақавий кескинликнинг Яман ва Қизил денгизга ёйилишини истамайди. Минтақавий беқарорликнинг эскалацияси ҳеч бир томоннинг манфаатларига тўғри келмайди”, дейди нашрга ХХР Ташқи ишлар вазирлиги.
Маълумот учун, Хитой Эрон нефтининг энг йирик харидори бўлиб турибди: 2025 йилда Эрон денгиз экспортининг 80 фоиздан ортиғи – кунига тахминан 1,4 млн баррель айнан Хитой ҳиссасига тўғри келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ансоруллоҳ” ҳусийлар ҳаракати Яманнинг Мариб провинцияси осмонида Саудия Арабистони Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли F-15 қирувчи самолётини уриб туширгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All