Келдиёрова ва Бобонов Загреб Гран-при мусобақасида иштирок этади
Sport
−
15:44 421 1 minute
Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони Диёра Келдиёрова ва Токио-2020 Олимпиадаси бронза медали соҳиби Давлат Бобонов жорий йилнинг 13-15 ноябрь кунлари Хорватиянинг Загреб шаҳрида дзюдо бўйича ўтказиладиган Гран-при мусобақасида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Дунёнинг 70 та мамлакатидан 500 нафардан зиёд дзюдочи қатнашадиган мазкур нуфузли турнирда Ўзбекистоннинг 5 нафар вакили медаллар учун кураш олиб боради.
Эътиборлиси, қисқа муддатли танаффусдан сўнг Токио-2020 Олимпиадаси совриндори, жаҳон чемпиони Давлат Бобонов яна татамига қайтмоқда. У Загреб Гран-при мусобақасида медаллар ва қимматли рейтинг очколари учун баҳслашади.
Давлат Бобонов сўнгги бор жорий йилнинг 26-28 июнь кунлари Хитойда ўтказилган Циндао Гран-при мусобақасида иштирок этган эди.
Шунингдек, Хорватияга йўл оладиган таркибдан Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони Диёра Келдиёрова ҳам ўрин олган. Бу унинг катта спортга қайтганидан кейинги учинчи мусобақаси бўлади.
Ўзбекистон терма жамоасининг Загреб Гран-при мусобақаси учун таркиби:
- 66 кг: Азизбек Ортиқов;
- 81 кг: Арслонбек Тожиев, Муроджон Йўлдошев;
- 90 кг: Давлат Бобонов;
- 52 кг: Диёра Келдиёрова.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Диёра Келдиёрова Абу-Дабида ташкил этилган “Катта дубулға” турнирининг иккинчи даврасида исроиллик Гефен Примога имкониятни бой берганди.
Live
All