Карлсен кетма-кет 2 кун Бибисорага қарши ўйнашдан бош тортди

Sport

−

image

Норвегиялик гроссмейстер, шахмат бўйича 16 карра жаҳон чемпиони Магнус Карлсен FIDE рейтингининг етакчи поғонасини хавф остига қўймаслик учун Total Chess жаҳон чемпионатида қозоғистонлик Бибисора Ассаубаевага қарши классик шахмат бўйича ўйинни кетма-кет иккинчи кун ҳам ўтказиб юборди.

Будапештда классик, рапид ва блиц шахмат турларини бирлаштирган янги Total Chess жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Карлсен гуруҳ босқичида омадсиз иштирок этди ва бирорта ҳам ғалабага эриша олмади. Натижада унинг жонли рейтинги 21,8 очкога пасайиб, 2801,2 ни ташкил этди. Шу тариқа, норвегиялик шахматчи 17 йил ичида илк бор 2800 очкодан пастга тушиб кетиш хавфига дуч келди.

Карлсен турнирнинг плей-офф босқичида Ассаубаева билан куч синашди. Уларнинг иккинчи қарама-қаршилигида норвегиялик рапид ва блиц баҳслари якунларига кўра 10:2 ҳисобида устун келди. Шу сабабли классик шахмат бўйича учрашувнинг натижаси умумий ҳисобга жиддий таъсир кўрсатмаслиги аён бўлди.

Шундан сўнг Карлсен кетма-кет иккинчи кун классик шахмат баҳсида иштирок этишдан бош тортди ва унга техник мағлубият ёзилди. Бироқ мазкур натижа FIDE рейтинг ҳисоб-китобида инобатга олинмайди.

Шу тариқа, Ассаубаевага қарши иккинчи баҳс умумий ҳисобда 10:10 билан якунланди. Бир кун аввал рапид ва блиц баҳсларидан кейин Карлсен 11,5:0,5 ҳисобида олдинда эди ва классик шахмат ўйинида ҳам қатнашмаган. Якунда норвегиялик шахматчи 11,5:8,5 ҳисобида ғалаба қозонди.

Икки учрашув натижасига кўра, Карлсен Ассаубаевадан устун келди ва энди Total Chess жаҳон чемпионатида 17-ўрин учун баҳс олиб боради.

Маълумот учун, Карлсен 2011 йил июль ойидан буён FIDE рейтингининг биринчи поғонасини эгаллаб келмоқда. Ассаубаевага қарши классик шахмат баҳсида дуранг қайд этилганида ҳам унинг рейтинги 2800 очкодан пастга тушиши мумкин эди. Мағлубият эса бошқа шахматчиларнинг натижаларига қараб, етакчиликни йўқотишига ҳам сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends