Каннаваро Ўзбекистоннинг Аргентина билан ўйини нега бекор қилинганини айтди

Sport

image

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Аргентина миллий терма жамоаси билан ўйини Лионель Месси сабаб бекор қилингани маълум бўлди. Бу ҳақда бугун, 23 сентябрь куни Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи Фабио Каннаваро Эрон МТЖга қарши ўртоқлик ўйини олдидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Биз Аргентина билан ўйнашга ҳаракат қилганимиз рост. Афсуски, федерация (Аргентина томони – таҳр.) сўнгги уч ҳафта ичида Аргентинада ўйнашга қарор қилди, чунки бу Мессининг сўнгги ўйини эди ва биз Сурияга қарши ўйнашга мажбур бўлдик. Албатта, Сурияга қарши ўйнаш ҳар доим қийин, чунки жамоани биласиз. Ҳурмат билан айтганда, бу Аргентина эмас, лекин биз бошқа бир Топ миллий жамоани топиш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик”, дейди Каннаваро.

Шунингдек, бош мураббий журналистларнинг терма жамоанинг жорий йиғинига чақирилган ва чақирилмаган футболчилар ҳақидаги саволларига жавоб берган.

“Эшиклар ҳаммага очиқ. Жаҳон чемпионатидан сўнг ўйинчиларнинг баъзилари жамоасиз қолди, баъзилари яхши ўйин кўрсатмади, баъзиларида жиддий жароҳатлар бўлди. Шунинг учун, менимча, бошқа бировга миллий жамоага келиш имкониятини бериш ҳам табиий ҳол. Чунки мен миллий жамоа ҳаммага очиқ деб ишонаман. Биз ҳаммани кузатиб борамиз, кўплаб ўйинларни томоша қиламиз. Баъзан машғулотларни ҳам кузатамиз, иложи бўлса. Биз ҳозир барча ўйинчиларни биламиз ва, албатта, ҳаммага имконият беришимиз керак”, дейди италиялик мутахассис.

У терма жамоа йиғинига чақирилган энг ёш ўйинчи – Муҳаммад Ҳакимов ҳақида ҳам фикр билдирган.

“Муҳаммад Ҳакимовни мен Жаҳон чемпионатидан олдин ҳам кўрганман. У ёш, қўрқмас, яхши характерга эга. У биз анча вақтдан бери кузатиб келаётган ўйинчилардан бири. Ғоя шуки, унга бир неча дақиқа бериш, ўйнатиш, ҳамма каби. Чунки биз аниқлаштиришимиз керак бўлган бир нарса бор: бу ерда ёшлар ёки кексалар йўқ. Бу ерда миллий жамоа бор. Шу сабабли, агар бир йигитнинг қобилияти бўлса, агар бир йигитнинг истиқболи бўлса, агар фахрий ўйинчи яхши ўйнаса, мен уни чақираман”, дейди бош мураббий.

Эслатиб ўтамиз, эртага, 24 сентябрь куни Ўзбекистон МТЖ Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида Эрон МТЖга қарши баҳс олиб боради. Ўйин Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends