Қуёш тизимининг чекка ҳудудида қадимий сув захираси излари топилди
Interesting
−
11:54 847 2 minutes
Олимлар коинот чанги заррачаларини таҳлил қилиш орқали Қуёш тизимининг чекка қисмида, Нептун орбитасидан ташқарида жойлашган Койпер камари ҳудудида қадимий сув захираси бўлганига далил топди. Тадқиқотга кўра, ушбу сув таркибида оғир кислород изотоплари миқдори Ер океанларидаги сувга нисбатан анча юқори бўлган. Бу ҳақда “Naked Science” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Линдон Жонсон номидаги космик марказдан Линдси Келлер бошчилигидаги америкалик сайёрашунослар гуруҳи NASA каталогидаги 10–30 микрометр ўлчамдаги 12 та космик чанг заррасини ўрганган. Ушбу заррачалар Ер стратосферасидан йиғиб олинган.
Таҳлиллар давомида заррачалар таркибида асосан сапонит ва оз миқдорда серпентин каби сув таъсирида ҳосил бўладиган гилли минераллар аниқланган. Бу минераллар қадимда сувнинг бошқа моддалар билан кимёвий таъсирлашуви натижасида пайдо бўлган.

Олимлар заррачалардаги кислород изотопларининг нисбатини ўлчаб, уларнинг кўплаб метеоритларда учрайдиган кўрсаткичлардан фарқ қилишини аниқлаган.
Ҳисоб-китобларга кўра, минераллар билан таъсирлашган қадимий сувда кислород-18 изотопининг кислород-16 изотопига нисбати ҳозирги океан сувидаги кўрсаткичдан тахминан 15,5 фоиз юқори бўлган бўлиши мумкинБироқ тадқиқот муаллифлари бу натижа қадимий муз таркибини тўғридан-тўғри ўлчаш эмас, балки моделлаштириш асосида олинган юқори чегаравий кўрсаткич эканини таъкидлаган.
Қайд этилишича, Койпер камари Қуёш тизимининг Нептун орбитасидан ташқаридаги қисми бўлиб, у ерда кўп миқдорда сув музини сақлаган осмон жисмлари мавжуд. Ушбу ҳудуддаги жисмлар Қуёш тизими шаклланган даврдан буён нисбатан кам ўзгаргани билан ажралиб туради.
Олимларнинг фикрича, кашфиёт илк Қуёш тизимида сув ва кислород изотоплари қандай тақсимланганини, шунингдек, сайёралардан узоқ ҳудудларда қандай кимёвий жараёнлар кечганини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олимлар Ердан тахминан 11,5 ёруғлик йили узоқликда жойлашган GJ 725A қизил митти юлдуз тизимидан 45 мегагерц частотали сирли радиосигнални аниқлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All