Қурилиш ходимлари учун соатлик энг кам иш ҳақи миқдори оширилади
Local
−
31 August 3287 1 minute
Ўзбекистонда қурилиш соҳаси ходимлари учун соатлик энг кам иш ҳақи миқдори оширилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, қурилиш соҳасида пудрат ва лойиҳалаш ташкилотларининг фаолиятини рағбатлантириш ҳамда ривожлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда қуйидагилар назарда тутилади:
- қурилиш соҳасида пудрат ва лойиҳалаш ташкилотларининг фаолиятини рағбатлантириш;
- қурилиш соҳасидаги ходимлар учун соатлик энг кам иш ҳақи миқдорини ошириш ҳамда барча ҳудудлардаги миқдорини тенглаштириш;
- Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишларининг смета қийматида пудрат ташкилотларининг режали фойдаси миқдорини 7 фоизгача этиб белгилаш;
- лойиҳалаш ишларини молиялаштириш ҳажмини объектнинг мураккаблик даражаси ва ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш;
- муҳандислик коммуникация инфратузилмаси учун йиғимлар бўйича аванс тўловини 20 фоиздан 5 фоизга тушириш.
Фармонга кўра, қарор лойиҳаси 2027 йил январ ойида тайёр бўлиши керак. Вазифа ижроси учун Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, Қурилиш вазири Шерзод Ҳидоятов ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Самандар Садуллаев масъул деб белгиланган.
Live
All