Аномал иссиқ! ССВ жазирамадан сақланиш бўйича муҳим тавсиялар билан чиқди
Interesting
−
13 July 3413 2 minutes
Ўзбекистонда жорий ҳафта жазирама об-ҳаво билан бошлангани ва ҳафта охиригача жазирама кучайиб, ҳаво ҳарорати айрим ҳудудларда 44 даражагача кўтарилиши ҳақида хабар берилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги жазирама ёз кунларида аҳолига иссиқ об-ҳаво таъсиридан ҳимояланиш ва саломатликка эътибор қаратиш бўйича тавсиялар берди.
Мутахассислар юқори ҳарорат организмда сувсизланиш, тана қизиши, қон босими ўзгариши, юрак-қон томир тизимига ортиқча юклама тушиши ҳамда иссиқ уриши каби ҳолатларга сабаб бўлиши мумкинлигини билдирмоқда.
ССВ айниқса, 65 ёшдан ошган кексалар, чақалоқлар ва ёш болалар, ҳомиладор аёллар, юрак-қон томир, қандли диабет, буйрак, нафас йўллари ва бошқа сурункали касалликлари бўлган фуқароларни эҳтиёт бўлишга чақирди. Шунингдек, қон босими ва юрак дориларини, сийдик ҳайдовчи, аллергияга қарши ёки психотроп препаратларни қабул қилаётган инсонларга иссиқ тезроқ таъсир қилиши қайд этилган.
Мутахассислар бундай кунларда чанқоқни кутмасдан, кун давомида тез-тез ва оз-оздан сув ичишни тавсия қилмоқда. Соғлом катта ёшли инсонларга одатда кунига 2–3 литр атрофида суюқлик истеъмол қилиш тавсия этилади. Бунда юрак, буйрак касалликлари ёки шишга мойиллиги бўлган беморлар эса ичиладиган суюқлик миқдорини шифокор тавсиясига кўра белгилаши керак бўлади. Жазирамада енгил, кенг ва ҳаво ўтказувчи, оч рангли кийимлар кийиш, табиий матолардан фойдаланиш, ташқарига чиққанда бош кийим, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак ва зарур ҳолларда ҳимоя кремларидан фойдаланиш тавсия этилади.
ССВ иссиқ ҳавода оғир, ёғли, қовурилган ва аччиқ таомларни камайтириш, енгил овқатлар, сабзавотлар, мевалар, қатиқ, айрон, балиқ ва товуқ гўшти каби маҳсулотларни истеъмол қилиш маъқул эканини айтиб ўтган. Шунингдек, соат 11:00 дан 17:00 гача очиқ қуёш остида узоқ юрмаслик, зарур ишларни эрталаб ёки кечки салқин пайтларга режалаштириш тавсия этилади.
Вазирлик тавсиясига кўра, кўчага чиқишга тўғри келганда соя қуюқ жойларда юриш, ёнда сув олиб юриш ва мунтазам равишда суюқлик ичиш керак. Шунингдек, вазирлик болалар, кексалар ва уй ҳайвонларини қуёш остида турган автомобилда ёлғиз қолдирмаслик ҳақида ҳам огоҳлантирди. ССВ фуқаролардан иссиқ уришининг аломатлари кузатилганда тез тиббий ёрдамга мурожаат қилишини сўраган.
Дилнура Уринова
Live
AllPutin To'qaev bilan ham telefonlashdi
21 September
Qashqadaryoda 2300 yillik ossuariy topildi
21 September
Szinpin 10 yil deganda birinchi marta AQShga boradi
21 September
Shavkat Mirziyoev Vladimir Putinga maktub yo'lladi
21 September