Қоракўлда уйида нарколаборатория ташкил этган шахс ушланди

Crime

−

image

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида хонадонида нарколаборатория ташкил этиб, Тошкентга юбориш учун 1 килограмм 753 грамм синтетик гиёҳвандлик моддасини тайёрлаган шахс аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасида вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Жорий йилнинг 11 ноябрь куни олдиндан олинган тезкор маълумотлар асосида Қоракўл тумани Қораҳожи маҳалласи Деҳқонобод қишлоғида яшовчи, 1998 йилда туғилган фуқаронинг хонадони ва ёрдамчи хўжалик биносида тинтув ўтказилган. Натижада уйидаги алоҳида хонада нарколаборатория ташкил этилгани аниқланган.

Кўздан кечириш давомида хонадон ва ётоқхонадаги овоз чиқариш қурилмалари ичидан умумий оғирлиги 1 килограмм 753 грамм бўлган альфа-PVP синтетик гиёҳвандлик моддаси топилган.

Шунингдек, тиббий қўлқоплар, ниқоблар, скотч, полимер пакетлар, иккита вакуум ускунаси, турли ҳажмдаги шиша идишлар, номаълум суюқликлар, электрон тарози, қадоқлаш ускуналари ҳамда электр печи ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Суриштирув давомида гумонланувчи сентябрь ойидан буён Telegram-бот орқали “закладчик” сифатида фаолият юритиб келгани аниқланган. У синтетик гиёҳвандлик моддаларини наркодўкон кураторининг топшириғи билан Тошкент шаҳрига юбориш мақсадида тайёрлаган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 276-1-моддаси (ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида фуқаронинг хонадонидан соф оғирлиги 1 килограмм 889 грамм бўлган “марихуана” топилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends