Қирғизистон пойтахти кўчирилиши мумкин
World
−
20:18 2747 2 minutes
Қирғизистон парламенти депутати Нурбек Сидигалиев Бишкекдаги тирбандликлар муаммосини ҳал қилиш учун пойтахтни бошқа ҳудудга кўчириш кераклигини айтди. Унинг фикрича, шаҳарда йўл ўтказгичлар қурилишини ҳам кенгайтириш зарур. Бу ҳақда “Kaktus.media” хабар берди.
Кеча, 18 ноябрь куни Жогорку Кенеш йиғилишида сўзга чиққан депутат ҳамкасблари билан Ўш шаҳрига борганида у ерда кўприклар қурилаётганини кўрганини айтган. У Бишкек мэриясига ҳам ушбу тажрибани ўрганишни ва шаҳарнинг гавжум чорраҳаларида, жумладан, Чўй шоҳкўчаси ҳамда Токомбаев ва Абрахманов кўчалари кесишмасида йўл ўтказгичлар қуришни тавсия қилган.
Депутат Ўшда қурилган кўприклардан бирининг қиймати қанча бўлганини ҳам сўраган. Қирғизистон Қурилиш, архитектура ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Нурдан Ўрунтаева эса эстакада кўприклари дастлаб ҳеч қандай ҳужжатларсиз қурила бошлаганини, ҳозирда эса тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани ва харажатлар ҳисобланаётганини маълум қилган.
Бишкек мэри Айбек Жунушалиев шаҳарда ҳам шундай кўприклар қурилиши бошланганини айтган. У бунга Молодая Гвардия шоҳкўчаси ва Л. Толстой кўчаси кесишмасидаги қурилишни мисол қилиб келтирган. Шунингдек, келаси йили Жанубий магистралда ҳам йўл ўтказгич қуришни бошлаш режалаштирилаётганини билдирган.
“У ерда йўллар ва кўприклар жуда яхши қурилган. Бу ерда ҳам шундай қилиш керак, акс ҳолда тирбандлик муаммосини ҳал қила олмаймиз. Вазият кундан кунга ёмонлашмоқда. Муаммони шу йўл билан ҳал қилиш ёки пойтахтни кўчириш керак”, дейди депутат.
Мэр эса пойтахт кўчирилса, аҳоли ҳам янги ҳудудга кўчиб боришини айтган. Депутат бунга жавобан, одамларнинг бир қисми Бишкекда қолишини таъкидлаган. Унинг фикрича, шаҳардаги муаммоларга марказда кўп қаватли уйлар қурилишига рухсат берган архитекторлар ҳам сабабчи. У бундай биноларни шаҳар марказида эмас, Сокулук ва Иссиқота томонларда қуриш керак бўлганини билдирган.
Live
All