Қирғизистон исломий банклар фаолиятига талабларни кучайтирмоқчи

World

−

image

Қирғизистон Миллий банки исломий банк фаолияти ва молиялаштириш қоидаларини ўзгартиришни таклиф қилмоқда. Янги қоидалар муробаҳа битимлари ва анъанавий банклар таркибидаги “исломий дарчалар” фаолиятини тартибга солишни назарда тутади. Бу ҳақда “Economist.kg” хабар берди.

Лойиҳага кўра, банк товарни харид қилишни мижозга топшириши мумкин. Бунда мижоз банк номидан унинг маблағлари ҳисобига ёки ўз номидан банк маблағлари эвазига иш кўради. Миллий банк бу жараёнда товарни банкка топшириш ва уни кейинчалик мижозга сотиш тартибини ҳам белгиламоқчи. Янги тартиб бўйича мижоз харидни амалга оширгач, бу ҳақда банкка хабар бериши ва товарни сотиб олиш бўйича таклиф юбориши керак. Банк таклифни қабул қилганидан кейин товарни мижозга сотганини маълум қилиши лозим.

Шунингдек, банк вакилига жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун нақд пул беришга рухсат этиш таклиф қилинмоқда. Агар қонунчилик мулкни давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилса, мижоз муробаҳа асосида сотиб олинаётган мулкни рўйхатдан ўтказишда ҳам банк вакили сифатида қатнашиши мумкин бўлади.

Товар мижозга топширилгунига қадар уни ташиш ёки сақлаш вақтида шикастланиши, йўқолиши ёки йўқ бўлиб кетиши билан боғлиқ хавфлар банк зиммасида қолади. Банк бу хавфларни гаров ҳисобига қоплай олмайди. Миллий банк исломий молиялаштириш тамойиллари асосида ишлайдиган банклар ва бошқа молия-кредит ташкилотларининг ҳисобварақлар режасини ҳам янгилашни режалаштирмоқда. Жумладан, “Қард-Ҳасан” атамасини “Қард” билан алмаштириш, шу билан бирга, “Шарика/мушорака ва камайиб борувчи мушорака” атамасини қўллаш тартибини аниқлаштириш таклиф этилган.

Ўзгаришлар мудораба, вадиъа йад дамана ва исломий молиялаштиришнинг бошқа турларига оид ҳисобварақларга ҳам тегишли бўлади. Жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, мамлакат резидентлари ва норезидентлари билан амалга ошириладиган операцияларни ҳисобга олиш тартиби ҳам аниқлаштирилади.

Анъанавий банклар таркибида исломий молиялаштириш тамойиллари асосида хизмат кўрсатадиган “исломий дарчалар” учун ҳам янги талаблар белгиланиши мумкин. Хусусан, уларнинг ички назоратини кучайтириш, маблағлар ва операцияларни алоҳида ҳисобга олиш тизимини жорий этиш назарда тутилган.

Лойиҳага мувофиқ, шариат кенгаши операцияларнинг шариат талабларига мувофиқлиги юзасидан қарор қабул қилишда мустақил бўлиши керак. “Исломий дарча” ходимларининг ҳам тегишли қарорларни қабул қилишда мустақиллиги таъминланиши лозим.

Банклар бундай бўлимларни молиялаштириш, улар таклиф қиладиган маҳсулот ва хизматларни тасдиқлаш, реклама қилиш ҳамда улар ҳақида маълумот тарқатиш қоидаларини белгилаши шарт бўлади. Нархлар шаффоф ва иқтисодий жиҳатдан асосланган бўлиши ҳам талаб этилади. Бундан ташқари, “исломий дарчалар” малакали ходимлар ва автоматлаштирилган тизимларга эга бўлиши керак. Улар маблағлар, даромадлар, харажатлар ва операцияларни алоҳида ҳисобга олиш имконини бериши лозим.

Миллий банк қарор лойиҳаси бўйича таклиф ва эътирозларни 2026 йил 3 ноябргача қабул қилади. Ҳужжатда янги қоидаларни 2026 йил 13 декабрдан кучга киритиш белгиланган. Ўзгаришлар муробаҳа битимларини тартибга солувчи Фуқаролик кодексига киритилган тузатишларга мувофиқ Миллий банкнинг меъёрий ҳужжатларини янгилаш мақсадида тайёрланган.

Маълумот учун, 2026 йил июнь ойида Қирғизистон исломий банк фаолиятига оид қонунчилик нормаларини янгилаган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends