Қашқадарёлик “уддабурон” ҳокимлик ерини 100 млн сўмга пулламоқчи бўлди (видео)

Crime

image

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида 6 гектар ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 100 миллион сўм талаб қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

 

Маълум қилинишича, Косон туманида яшовчи Одилбой Наимов одамлар орасида ўзини Жавоҳир деб таништириб келган. У тумандоши Имрон Муродуллаевнинг ер сотиб олиш ниятини билиб, унга Косон тумани ҳокимлиги томонидан 30 йил муддатга деҳқон хўжалиги юритиш учун ижарага берилган 6 гектар ер майдонини шахсийлаштириб беришни таклиф қилган.

Наимов бу ишни туман ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бошқармасида ишловчи қариндоши орқали амалга ошириб беришини ваъда қилган ва бунинг эвазига 100 миллион сўм сўраган. Бироқ ер майдонини расмийлаштиришга оид бирор ҳужжат тақдим этмаган.

Қашқадарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Одилбой Наимов кимёвий ишлов берилган 100 миллион сўмни олаётган вақтида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наимовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат кадастрлар палатаси филиали раҳбари 600 АҚШ доллар пора олганлиги сабабли унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends