Италия Ташқи ишлар вазирининг шахсий маълумотлари даркнетда тарқалди
World
−
12:55 450 2 minutes
Италия Ташқи ишлар вазири Антонио Таяни шахсий маълумотлари даркнетда тарқатилгани ва ўзи ҳамда оиласига таҳдидлар бўлаётганини маълум қилди. Италия Бош вазири Жоржа Мелони ҳодисага Россия тарафдори бўлган хакерлар алоқадор бўлиши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда DW хабар берди.
Таянининг сўзларига кўра, кибержиноятчилар бир неча кундан бери унинг шахсий маълумотларини даркнетда тарқатмоқда. Шунингдек, улар вазир ва унинг яқинлари ҳақида қўшимча маълумот тўплашга уринмоқда. Ҳатто улар Таяни ва оила аъзолари ҳақида маълумот берганларга пул таклиф қилмоқда.
“Кибержиноятчилар менга нисбатан янги таҳдидлар ва қўрқитишларни амалга оширмоқда. Улар бунга оиламни ҳам жалб қилмоқда”, деб ёзди вазир X ижтимоий тармоғида.
Бироқ у айнан қандай шахсий маълумотлар тарқатилганига аниқлик киритмаган.
Вазирнинг фикрича, бу ҳодиса Италия ҳукуматининг Украинани қўллаб-қувватлаши ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот тизимларини ҳимоя қилиш бўйича олиб бораётган ишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Таянининг айтишича, жорий йилнинг 1 январдан бошлаб вазирликда киберхавфсизлик бўйича махсус бўлинма фаолият юритмоқда. У душман давлатлар билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган тузилмаларнинг киберҳужумларига қарши курашади.
Италия Бош вазири Жоржа Мелони эса вазирни қўллаб-қувватлаб, махфий маълумотларни сотишга уринишлар жиддий хавотир уйғотаётганини билдирди. Унинг фикрича, ҳодиса Россия тарафдори бўлган хакерлар фаолияти билан боғлиқ
“Reuters” агентлиги ўзи танишган скриншотларга таяниб хабар беришича, Таянининг сурати Россия Федерациясига нисбатан душманона муносабатда бўлган 18 нафар фуқаро рўйхатида акс этган. Ушбу рўйхатга киберхавфсизлик мутахассислари ҳам киритилган. Маълумотлар Tor тармоғи орқали фойдаланиладиган даркнет бўлими мониторинги давомида аниқланган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, ҳозирча Россия расмийлари ушбу ҳолат юзасидан изоҳ бермаган. Москва аввал ҳам хориждаги киберҳужумларга алоқадорлик ҳақидаги айбловларни бир неча бор рад этган
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мённинг Европа сафарида қатнашган 168 кишига оид шахсий маълумотлар пулли интернет ресурслардан бирига жойлаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All