Италия ресторанларида оилаларга овқатланиш пайтида телефон ишлатиш тақиқланади

World

−

image

Италиянинг Сардиния оролидаги 15 та ресторан оилаларга дастурхон атрофида телефон ишлатишни тақиқлаш бўйича тажриба лойиҳасини бошлайди. Ташаббус ота-оналар ва болаларни овқатланиш вақтида телефонларга чалғимасдан, ўзаро суҳбатлашишга ундашга қаратилган. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

“Дастурхонда экранларсиз” деб номланган лойиҳа келаси ҳафтадан бошланиб, бир ой давом этади. Унда иштирок этаётган ресторанларда овқатланадиган ота-оналар ва болалар телефонлари ҳамда бошқа электрон қурилмаларини четга қўйиши керак бўлади.

Лойиҳани Сардиниянинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Анна Кау илгари сурган. Унинг айтишича, ташаббусдан мақсад фақат тақиқ жорий этиш эмас, балки ота-оналарга фарзандлари билан кўпроқ мулоқот қилиш учун қулай шароит яратишдир.

Телефонларини четга қўйган оилаларга ресторан ходимлари махсус тўплам беради. Унда болаларнинг ота-оналари билан суҳбатлашишига ёрдам берадиган ўйинлар ва расм чизиш учун материаллар бўлади. Масалан, болалар кун давомида бошидан кечирган воқеалар ҳақида ота-оналарига гапириб бериши мумкин.

Италия педиатрлар федерацияси томонидан ишлаб чиқилган тўпламга рақамли қурилмалардан ортиқча фойдаланишнинг хавфлари ҳамда уйда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни назорат қилиш бўйича тавсиялар берилган буклет ҳам киритилган.

Анна Кауннинг билдиришича, ресторанларда таклиф этиладиган ўйинлар овқатланиш вақтига мослаштирилади ва маълум вақт билан чекланади.

Лойиҳа Сардиниядаги умумий овқатланиш, туризм ва кўнгилочар соҳалар вакилларини бирлаштирувчи Fipe-Confcommercio ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Уюшманинг оролдаги бўлими раҳбари Эмануэле Фронжи 15 та ресторан ташаббусда қатнашишга рози бўлганини айтган. Келгусида лойиҳани бошқа ресторанлар ҳисобига ҳам кенгайтириш режалаштирилган.

Фронжининг сўзларига кўра, оилалар ресторанларда бирга овқатланиш орқали ўзаро яқинликни мустаҳкамлаши мумкин. Бироқ ҳозир кўплаб оилаларда дастурхон атрофидаги суҳбатлар ўрнини телефонларга қараб жим ўтириш эгалламоқда. Баъзи ота-оналар эса болалари тинч ўтириши учун уларнинг қўлига телефон бериб қўяди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон мактабларида дарс вақтида, ҳатто танаффусларда ҳам смартфонлардан фойдаланиш тақиқланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends