Исроил вазири Ғазода ҳар кеча 30-40 кишини ўлдиришга чақирди

World

image

Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Ғазода ҳар кеча 30-40 кишини ўлдиришга чақирди. У бу фикрларини ҲАМАС гаровидан озод қилинган Ром Браславский билан суҳбатда билдирган. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Қайд этилишича, Бен-Гвир Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг Ғазодаги зарбаларни камайтириш бўйича позициясига қўшилмаслигини айтган. Унинг фикрича, Ғазода ҳар кеча 30-40 кишига қарши суиқасдлар амалга оширилиши керак.

“Мен Бош вазир билан келишмайман. Ғазода ҳар кеча 30-40 кишини нишонга олиб, ўлдириш керак”, дейди Бен-Гвир.

Вазир бу билан чекланмай, ҳужумлар фақат бевосита таҳдид туғдираётган шахсларга қарши қаратилмаслиги кераклигини таъкидлаган. Унинг айтишича, Ғазода “ҳаётга лойиқ бўлмаган” ва “инсон ҳисобланмайдиган” одамлар бор.

Бен-Гвир, шунингдек, Ғазо аҳолисининг оммавий кўчиб кетишини қўллаб-қувватлаган. У Ғазони Исроилники деб билишини, ҳудудда яҳудийлар учун янги манзилгоҳлар барпо этилиши ва фаластинликларнинг имкон қадар кўпроқ бошқа давлатларга кўчирилиши кераклигини айтган.

Маълумот учун, Бен-Гвир Исроил ҳарбийлари устидан бевосита ваколатга эга эмас ва Ғазога зарба бериш бўйича буйруқ бера олмайди. Бироқ у мамлакатдаги энг таъсирли ўнг қанот сиёсатчилардан бири бўлиб, полиция ва қамоқхона тизимига раҳбарлик қилувчи вазир ҳисобланади.

Нашрнинг ёзишича, Бен-Гвирнинг аввалги шунга ўхшаш баёнотлари ҳам халқаро миқёсда кескин танқид қилинган. Айрим Исроил расмийларининг баёнотлари Ғазодаги вазият юзасидан Жанубий Африка томонидан БМТнинг Халқаро судига тақдим этилган ишда геноцид ниятининг далили сифатида келтирилган. Исроил эса Ғазода геноцид содир этганини рад этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг ўнгчи Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир мамлакатнинг Негев қамоқхонасида сақланаётган фаластинлик маҳбусларнинг кийимлари ва Қуръон китоби нусхаларини мусодара қилишни буюргани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends