Исроил Ливанга авиазарба берди. Қурбонлар бор
World
−
15:29 385 2 minutes
Бугун, 6 сентябрь тонгида Исроил армиясининг Ливаннинг турли ҳудудларига уюштирган авиазарбалари оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, яна 20 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар операциялари маркази хабар берди.
Баёнотга кўра, Исроил армиясининг Набатия-ал-Фаука аҳоли пунктига берган зарбаси оқибатида икки киши ҳалок бўлган, яна икки киши жароҳат олган. Шунингдек, Исроилнинг Набатия шаҳридаги Раҳибат туманига уюштирган зарбаси оқибатида эса саккиз киши, шу жумладан бир аёл ва бир бола жабрланган.
Араб-Салим аҳоли пунктига берилган зарбалар оқибатида икки киши ҳалок бўлган, яна олти киши жароҳат олган, улар орасида икки нафар бола бор. Бундан ташқари, Исроил армиясининг Кафр-Румман аҳоли пунктига берган зарбаси оқибатида тўрт нафар аёл жароҳат олган.
Маълумот учун, Исроил 2023 йилнинг октябрь ойида Ливанга зарба беришни бошлаган, 2024 йилнинг сентябрь ойида эса низо кенг миқёсли урушга айланиб кетган эди. Жанговар ҳаракатлар давомида 4 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди, 17 мингга яқини жароҳат олди.
Жорий йилнинг 2 март куни Исроил армияси Ливанга шиддатли авиазарбалар беришни бошлади ва мамлакат жанубидаги бир қатор аҳоли пунктларини эгаллади. Ливан ҳукумати ушбу давр мобайнида ўз уйини тарк этган шахслар сони 1 миллион кишидан ошганини хабар қилган.
Ливан ва Исроил ўртасида 17 апрель куни кучга кирган ўт очишни тўхтатиш режими кейинчалик бир неча бор узайтирилди. Бироқ Исроил армияси, сулҳга қарамай, турли баҳоналар билан Ливанга зарба беришни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг Ливан жанубидаги Ансар шаҳарчаси четидаги уйга берган ҳаво зарбаси оқибатида етти киши ҳалок бўлганди.
Live
All