Исроил Ғазони яна бомбалади. Қурбонлар бор (видео)

World

image

Исроилнинг Ғазо секторига ҳаво ҳужуми оқибатида камида 2 нафар фаластинлик ҳалок бўлиб, яна 13 киши яраланди. Бу ҳақда маҳаллий тиббиёт ходимларига таяниб, “Al Jazeera” хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 13 сентябрь куни шаҳарнинг “Тал ал-Ҳава” маҳалласида ҳаракатланаётган автомобилга зарба берилган. Соғлиқни сақлаш расмийларининг маълум қилишича, ҳужумда ҳалок бўлган 2 кишининг жасадлари бўлакларга ажралиб кетган ва уларнинг шахсини аниқлаш учун аҳолидан ёрдам сўралган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва нашр томонидан ҳақиқийлиги тасдиқланган видеоларда ҳужумга учраган автомобилнинг қаттиқ шикастлангани, томи ва эшиклари узилиб кетгани кўринади.

Исроил ҳарбийлари эса ҳужумда ҲАМАСнинг икки нафар аъзоси нишонга олинганини маълум қилган.

Бу ҳужум АҚШ воситачилигида Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўтган йил октябрда “ўт очишни тўхтатиш” бўйича келишувга эришилганидан кейин Ғазода деярли ҳар куни содир бўлаётган зарбаларнинг навбатдагиси бўлган.

Соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, АҚШ воситачилигидаги “сулҳ” бошланганидан буён Исроилнинг Ғазо бўйлаб ҳужумларида 1300 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

ҲАМАС Исроилни “ўт очишни тўхтатиш” келишувини бузишда ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазодаги урушни тугатиш режасига тўсқинлик қилишда айблаган. Ушбу режа кейинчалик Исроил қўшинларининг Ғазодан чиқарилиши ва ҲАМАСнинг қуролсизлантирилишини ҳам назарда тутади.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, 13 сентябрь куни сўнгги кунларда бир нечта шифохонанинг генераторлари нефть, ёқилғи ва эҳтиёт қисмлар танқислиги сабаб ишлашдан тўхтаганини маълум қилган.

Расмийларнинг айтишича, Исроил Ғазога киришига рухсат берган чекланган миқдордаги нефть фақат шошилинч эҳтиёжларни қопламоқда ва шифохоналарга ҳар ой зарур бўлган 2500 литр ёқилғидан анча кам.

АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 12 сентябрь куни Ирландияга ташрифи чоғида маъмуриятининг Ғазо бўйича фаолиятини ҳимоя қилган.

“Биз ёнғинни ўчирдик ва барча гаровдагиларни қайтардик. Ҳозир Ғазода жуда кам нарса содир бўлмоқда”, деган Трамп журналистларга.

У, шунингдек, Ғазода ҳозир “кўплаб яхши муносабатлар” ўрнатилаётганини таъкидлаб, маъмурияти бу борада “катта иш қилганини” айтганди.

Маҳаллий расмийларнинг маълумотига кўра, Исроилнинг 2023 йил октябридан бери давом этаётган урушида камида 73 669 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалардан иборат.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил армиясининг Ғазо секторига берган икки ҳаво зарбаси оқибатида камида 2 киши, жумладан, 4 ёшли бола ҳалок бўлган, яна 7 киши жароҳатланганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends