Исроил Ғазодаги полиция идорасини бомбалади. Қурбонлар бор

World

image

Кеча, 19 август куни Исроилнинг Ғазо секторидаги полиция идорасига берган ҳаво зарбаси оқибатида 9 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, яна 15 киши яраланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Шифокорлар ва полиция манбаларининг маълум қилишича, ҳалок бўлганлар орасида бир нечта полиция ходими бор. ҲАМАС бошқарадиган Ички ишлар вазирлиги эса зарба муниципал полиция штабига берилганини билдириб, қурбонлар орасида юқори лавозимдаги 8 нафар полиция ходими ҳамда воқеа жойи яқинида бўлган 13 ёшли қиз борлигини маълум қилган.

Исроил армияси тунги зарба ҲАМАС жангариларига қарши амалга оширилганини айтган. Армия баёнотида жангарилар полиция идорасидан фойдаланиб, Исроил қўшинларига қарши ҳужумларни режалаштиргани таъкидланган.

Шу куни Ғазонинг марказидаги “Нусайрат” қочқинлар лагерига берилган алоҳида Исроил зарбаси оқибатида яна 1 фаластинлик ҳалок бўлган. Исроил армияси ушбу зарба ҲАМАС жангарисига қарши қаратилганини билдирган. Шу тариқа 19 август куни Ғазода ҳалок бўлганлар сони камида 10 нафарга етган.
 

Шунингдек, Ғазодаги вазият АҚШ Президенти Дональд Трампнинг урушни якунлаш режаси бўйича музокаралар натижасиз якунланганидан 2 кун ўтиб яна кескинлашган. АҚШнинг махсус вакили Жаред Кушнернинг минтақага ташрифи давомида ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги келишувни илгари суришга уринган эди.

18 август куни ҳам Исроилнинг Ғазо соҳилидаги кафега берган ҳаво зарбаси оқибатида камида 7 нафар фаластинлик, жумладан 1 бола ҳалок бўлган. Исроил армияси зарба ҲАМАСнинг Ғазода фаолият юритаётган қўшинларга қарши ҳужумларни режалаштирган қўмондонларига қаратилганини айтган.

19 августда эса ҲАМАС вакили Миср, Қатар ва Туркиядан иборат сулҳ воситачиларига мурожаат қилиб, Исроилнинг нишонли ҳужумлари тўхтамаса, бу ҳолат гуруҳнинг келишув бўйича позициясига таъсир қилишини билдирган. Унинг айтишича, сўнгги ҳужумлар Кушнернинг дипломатик саъй-ҳаракатларига жиддий зарба берган.

Фаластин соғлиқни сақлаш идоралари ва Исроил армияси маълумотларига кўра, ўтган йил октябрь ойида сулҳ келишувига эришилганидан бери Ғазода 1200 дан ортиқ фаластинлик ва Исроилнинг 4 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Ғазода ҳар кеча 30-40 кишини ўлдиришга чақирганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends