Испаниядаги поездлар ҳалокати сабаби маълум бўлди
World
−
17:14 1369 2 minutes
Жорий йилнинг 28 октябрь куни Испанияда икки тезюрар поезд тўқнашиб кетган эди. Оқибатда 69 киши ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ одам жароҳатланди. Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага поездлар ҳаракатини назорат қилувчи хавфсизлик тизимидаги носозлик сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Bild” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа Мадриддан 130 километр жанубдаги Урда ҳудуди яқинида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, 160–200 км/соат тезликда ҳаракатланган Renfe поезди тўхтаб турган Iryo поездига бориб урилган.
Фожиага Германияда ҳам қўлланиладиган LZB автоматик хавфсизлик тизимидаги носозлик сабаб бўлган бўлиши мумкин. “El Mundo” нашрининг ёзишича, ҳодиса содир бўлган куни эрталаб мазкур тизим Испаниядаги тахминан 63 километрлик йўл участкасида ишламаган. Шу сабабли поездлар ҳаракатини назорат қилиш вазифаси Мадриддаги диспетчерлик марказига ўтказилган.
Нашр маълумотига кўра, соат 08:36 да диспетчер Renfe поезди машинистига тизимни қайта ишга тушириш ва муқобил хавфсизлик механизми орқали ҳаракатни давом эттиришни буюрган. Бироқ носозлик давом этаётгани сабабли Iryo поезди жойида қолган. Соат 08:53 да эса Renfe поезди тўхтаб турган Iryo поезди билан тўқнашган.
Ҳозирда терговчилар фожиага техник носозлик, диспетчернинг хатоси ёки ҳар икки омилнинг биргаликдаги таъсири сабаб бўлганини аниқлаши зарур.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев поездлар тўқнашуви оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Испания қироли Фелипе VI номига ҳамдардлик йўллагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All