Ислом дунёдаги энг йирик динга айланади – “Pew Research Center”

World

−

image

2035 йилга бориб мусулмонлар сони насронийлардан ошиб, Ислом дунёда энг кўп эътиқод қилинадиган динга айланиши кутилмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг “Pew Research Center” таҳлил маркази мутахассислари дунёдаги диний таркиб ўзгариши бўйича прогнозларини эълон қилди. 

Марказ маълумотларига кўра, ўзгаришнинг асосий сабабларидан бири мусулмон оилаларда бошқа йирик диний гуруҳларга нисбатан фарзандлар сони кўплигидир. 2020–2025 йилларда бир мусулмон аёлга ўртача 3,1 нафар, насроний аёлга эса 2,5 нафар фарзанд тўғри келган. Бошқа диний гуруҳларда туғилишнинг ўртача коэффициенти 1,6 ни ташкил этган. Бу аҳоли сонини авлоддан авлодга сақлаб қолиш учун зарур деб ҳисобланадиган 2,1 кўрсаткичидан паст.

2020 йилда насронийлар дунёдаги энг йирик диний гуруҳ бўлган. Ўша пайтда уларнинг сони 2,27 миллиардни, мусулмонлар эса 2,02 миллиардни ташкил этган. Бироқ прогнозлар орадан 15 йил ўтиб вазият ўзгаришини кўрсатмоқда: 2035 йилга бориб мусулмонлар сони 2,57 миллиардга етиши, насронийлар сони эса 2,52 миллиард бўлиши кутилмоқда.

Кейинги ўн йилликларда ҳам бу фарқ ортиб бориши мумкин. Жумладан, ҳозирги тенденциялар сақланиб қолган тақдирда, 2070 йилга бориб мусулмонлар сони 3,6 миллиарддан ошади. Насронийлар сони эса 3 миллиардга ҳам етмаслиги прогноз қилинмоқда. Ҳисоб-китобларда аҳолининг ёш таркиби, туғилиш даражаси, диний эътиқоднинг ўзгариши ва миграция жараёнлари ҳам инобатга олинган.

Таҳлил маркази прогнозлари фақат дунё миқёсидаги ўзгаришлар билан чекланмайди. Масалан, АҚШда ҳам насронийлар улуши пасайиб бориши мумкин. Ҳозирда улар мамлакатдаги катта ёшли аҳолининг 62 фоизини ташкил этади.

“Pew Research Center” мутахассислари ҳисоб-китобига кўра, 2065 йилга бориб бу кўрсаткич 50 фоиздан ҳам пастга тушиши эҳтимоли бор. Бу эса тахминан 40 йилдан кейин насронийлар АҚШда кўпчиликни ташкил этмаслигини англатади.

Европада эса диний эътиқодга эга бўлмаган аҳоли улуши ортиши кутилмоқда. 2020 йилда улар аҳолининг 25 фоизини ташкил этган бўлса, 2070 йилга бориб бу кўрсаткич қарийб 33 фоизга етиши мумкин. Шу билан бирга, мусулмонлар улуши ҳам деярли икки баравар кўпайиб, 6 фоиздан 13 фоизгача ошиши прогноз қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2027 йил учун тузилган дунёнинг 500 нафар энг нуфузли мусулмони рейтингида 40-ўринни эгаллагани ҳақида хабар берилган эди. 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends