Ишлаётган оналарга фарзанди 1 ёшга тўлгунча нафақа берилади
Local
−
16:06 298 2 minutes
2027 йил 1 январдан меҳнат шартномаси асосида ишлаётган хотин-қизларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин фарзанди 1 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш нафақаси тўланади. Бу ҳақда Президентнинг кеча, 11 сентябрда эълон қилинган “Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 193-сонли фармонида сўз боради.
Фармонга кўра, нафақа Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан тўланади. Шунингдек, 2027 йил 1 январдан аҳолининг ижтимоий ёрдам ва хизматларга муҳтожлигини ўрганиш ҳамда уларни Ижтимоий реестрга киритишда янги кўп ўлчовли баҳолаш тизими жорий этилади. Бунда оиланинг нафақат молиявий ҳолати, балки оила аъзоларидаги сурункали касалликлар, ногиронлик, ташқи меҳнат миграцияси, кўп болалилик каби мезонлар ҳам ҳисобга олинади.
Кўп ўлчовли баҳолаш доирасида оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати балли скоринг тизими орқали баҳоланади. Натижаларга кўра, оилалар тегишли тоифаларга ажратилиб, ижтимоий ёрдам ва хизматлар билан қамраб олинади.
Фармон билан “Саховат ва кўмак”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” жамғармалари сақлаб қолинади. Бироқ улар маблағларини тасарруф этиш, шунингдек, ушбу маблағлар ҳисобидан ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ваколатлари туман ва шаҳар штабларига ўтказилади.
Бундан ташқари, Ижтимоий реестрнинг “давлат таъминотидаги оила” тоифасига киритилган оилалар аъзоларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида қўшимча фоизсиз кредитлар ажратилади. Бу мақсад учун жорий йилда 100 миллиард сўм, 2027 йилда эса 300 миллиард сўм йўналтирилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур масала кўтарилган эди. Унда мамлакат раҳбари томонидан ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланиши ҳақида маълум қилинган эди.
Live
AllToshkentda vertikal “parkovka”lar o'rnatilmoqda
11 September