Интернетда ҳақиқий инсон мумиёларини сотиш бошланди

World

image

Мумиёланган инсон қолдиқлари интернет орқали сотилиб, оддий почта хизматлари орқали юборилаётгани аниқланди. Бу ҳақда “The Guardian“ нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, айрим мумиёларда замбуруғ билан зарарланиш белгилари кузатилган, бироқ сотувчилар харидорларни эҳтимолий хавф ҳақида огоҳлантирмаган.

Қайд этилишича, Буюк Британия, Литва, Италия ва Австралия университетларининг мутахассислари 2015-2025 йилларда ижтимоий тармоқлар, интернет-дўконлар ва аукционлардаги 122 та инсон қолдиғи ҳамда 6 та ҳайвон қолдиғига оид эълонларни таҳлил қилган.

Тадқиқот давомида 13 та эълонда мумиёланган қолдиқларда замбуруғли зарарланишга хос белгилар аниқланган. Улардан 8 таси инсон қолдиқларининг сотилишига оид бўлган, 6 тасида эса микроорганизмлар таъсирида тўқималарнинг сезиларли даражада емирилиши кузатилган.

Олимларнинг таъкидлашича, мумиёлаш жараёнида қолдиқларнинг қуритилиши улардаги барча микроорганизмлар йўқ бўлганини англатмайди. Қолдиқлар нам, қоронғи ва ёмон шамоллатиладиган жойларда сақланса, замбуруғлар яна кўпайиши мумкин. Уларнинг споралари ҳавога тарқалиб, мумиёлар билан ишлайдиган одамлар учун хавф туғдириш эҳтимоли бор.

Шунингдек, 22 та ҳолатда одамлар мумиёланган инсон қолдиқларини қўлқопсиз ушлагани аниқланган. Сотувчилар эса харидорларни ҳимоя воситаларидан фойдаланиш зарурлиги ҳақида деярли огоҳлантирмаган.

Мутахассислар мумиёларни сақлашда тарихда мишяк, симоб ва қўрғошин каби заҳарли моддалар ишлатилган бўлиши мумкинлигини ҳам қайд этган. Бундай моддалар тери ва нафас йўлларига зарар етказиши мумкин.

Бундан ташқари, мумиёланган инсон қолдиқлари оддий почта ва курьер хизматлари орқали жўнатилгани аниқланган. Тадқиқотчилар АҚШдаги харидорлардан бирининг Буюк Британиядан Royal Mail орқали юборилган инсон қолдиқлари солинган посилкадаги суратини топган. Ваҳоланки, ушбу почта хизмати қоидаларига кўра, бундай жўнатмалар тақиқланган.

Тадқиқотга кўра, 128 та эълоннинг 26 тасида қолдиқларнинг келиб чиқиши умуман кўрсатилмаган. Келиб чиқиши қайд этилган 102 та эълоннинг 44 тасида Миср, 21 тасида эса Жанубий Америка тилга олинган.

Олимлар мумиёлар орқали касаллик юқиш эҳтимоли соғлом одамлар учун паст эканини, бироқ иммунитети заиф инсонларда хавф юқорироқ бўлиши мумкинлигини билдирган.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, мумиёланган қолдиқлар савдосини тўлиқ бозор сифатида баҳолаш қийин, бироқ уларни интернет орқали сотиш ва ташиш реал хавфсизлик муаммоларини юзага келтирмоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends