Икки аёл $240 мингни болдирига яшириб, Қозоғистонга ноқонуний олиб чиқмоқчи бўлди (видео)
Crime
−
09:06 1607 2 minutes
Тошкент вилоятида 240 минг АҚШ долларини мамлакатдан ноқонуний олиб чиқмоқчи бўлган, пойтахтда эса қалбаки 8 400 АҚШ долларининг муомалага киритмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда чет эл валютасини мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйилган.
Хусусан, Тошкент туманида жойлашган “Навоий” чегара-божхона постида 2005 ва 2009 йилларда туғилган икки нафар Қозоғистон Республикаси фуқароси шахсий кўрикдан ўтказилган.
Текширув давомида улардан бири оёқларининг болдир қисмига ёпишқоқ тасма (скотч) ёрдамида 160 минг, иккинчиси эса 80 минг АҚШ долларини боғлаб, яширин тарзда қўшни давлатга олиб чиқиб кетаётганликлари аниқланган.
ДХХнинг, шунингдек, Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида қалбаки хорижий валютани муомалага киритилишининг олди олинган.
Хусусан, Қибрай туманида яшовчи 1999 йилда туғилган шахс Туркия давлатидан етказиб берилган қалбаки 8 400 АҚШ долларини фойда олиш мақсадида Юнусобод туманида истиқомат қилувчи, 1997 йилда туғилган шериги билан ўзаро тил бириктириб, шартли харидорга ҳақиқий 3 800 АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 3 нафар хорижликдан танишлари орқали Ўзбекистон визасини олиб бериш эвазига 31 200 АҚШ доллари олганлар ушланганди.
Live
AllNorvegiya Qiroli vafotidan 12 kun o'tib dafn etildi
09 September