Google ўз сунъий интеллекти сабаб 500 млрд доллар йўқотди

Tech News

−

image

Google’нинг сунъий интеллект асосидаги қидирув хизмати компаниянинг реклама даромадига таъсир кўрсатмоқда. Шу сабаб Google’нинг бош компанияси Alphabet’нинг бозор қиймати бир кунда 500 миллиард доллардан зиёд камайди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, Alphabet жорий йилнинг июль–сентябрь ойларида 127,6 миллиард доллар даромад олган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга кўп. Бироқ компаниянинг реклама йўналишидаги даромади таҳлилчилар кутганидан паст бўлган.

Alphabet бош бизнес директори Филипп Шиндлернинг айтишича, фойдаланувчиларга саволларга суҳбат шаклида жавоб берадиган “AI Mode” функцияси анъанавий қидирув натижалари ёнида жойлаштириладиган рекламалардан тушадиган даромадни камайтирмоқда.

Шунга қарамай, компания сунъий интеллектга асосланган қидирув тизимини ривожлантириш стратегиясидан мамнун. Google’нинг собиқ реклама бизнеси раҳбари Ким Скоттнинг таъкидлашича, компания ўзининг янги технологияси эски бизнесига зарар етказса ҳам, узоқ муддатли истиқболни кўзлаб ҳаракат қилмоқда.

Alphabet молиявий натижалари эълон қилинганидан кейин компания акциялари 12 фоиздан кўпроқ арзонлашиб, сўнгги олти ойдаги энг паст даражага тушган. Натижада унинг бозор қиймати 3,97 триллион доллардан 3,46 триллион долларгача камайган.

Бу ҳафтада Microsoft ва Amazon ҳам молиявий ҳисоботларини эълон қилди. Ҳар икки компания сунъий интеллект соҳасига катта маблағ йўналтиришда давом этишини билдирган.

Amazon акциялари ҳисоботдан кейин қўшимча савдоларда 6 фоизга тушди. Компания чорак давомида 201 миллиард доллар даромад олган бўлса-да, пул оқими 42 миллиард доллар манфий кўрсаткични қайд этган. Бош директор Энди Жассининг айтишича, компания сунъий интеллект, булутли хизматлар ва ўз чипларини ишлаб чиқариш каби йўналишларда катта имкониятларни кўрмоқда.

Microsoft акциялари эса бир фоиздан камроқ пасайди. Компаниянинг чораклик даромади 19 фоизга ошиб, 92,3 миллиард долларга етган. Унинг булутли хизматлар йўналишидаги даромади 30 фоизга ўсиб, 63 миллиард долларни ташкил қилган.

Microsoft раҳбари Сатья Наделланинг маълум қилишича, Copilot’дан фойдаланиш ҳажми ортиб, кундалик фойдаланувчилар сони бир йил ичида 500 фоизга кўпайган.

“Forrester” таҳлилчиси Трейси Вунинг фикрича, технология компаниялари олдида сунъий интеллектга киритилаётган улкан сармоялар келажакда қанчалик даромад келтириши ҳақидаги савол турибди. Инвесторлар эндиликда нафақат компанияларнинг бугунги молиявий натижаларига, балки ушбу инвестицияларнинг узоқ муддатли самарасига ҳам эътибор қаратмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Google шахсий аккаунт фойдаланувчилари учун Gemini моделларидан фойдаланиш шартларини ўзгартираётгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends