Германиялик журналист Россия жосусларига тузоқ қўйди

World

image

Германиялик журналист Россия махсус хизматлари қандай одамларни ёллашини ўрганиш учун ижтимоий тармоқда мамлакат Президенти Владимир Путин тарафдори бўлиб кўринди ва “Катя” номи билан сохта аккаунт очиб, Россия агентлари билан алоқа ўрнатди. Бу ҳақда Германиянинг RTL телеканали ўтказган бир йиллик махфий журналистик текширувда маълум бўлган.

Журналист Анжелике Герай бир неча ой давомида “Катя” исмли россияпараст блогер образини яратган. У ижтимоий тармоқларда Владимир Путин мақталган видеолар жойлаштирган, Россия ва собиқ совет давлатларида машҳур бўлган оқ-кўк йўл-йўл майка (одатда денгизчилар ва ҳарбийлар киядиган кийим) кийиб суратга тушган ва Германия парламенти биноси атрофида Россия байроғи билан юрган.

Кўп ўтмай, унинг аккаунтига Россия манфаатлари йўлида ишлаши мумкин бўлган шахслар қизиқиш билдирган. ”Катя”га турли топшириқлар таклиф қилинган ва бунинг учун биткоин орқали пул тўлаш ваъда қилинган.

Текширув давомида журналистлар бундай ёлланган шахсларга дастлаб оддий вазифалар берилишини аниқлаган. Масалан, улардан суратга олиш, пакет олиб кетиш ёки SIM-карта олиш сўралган. Кейинчалик эса топшириқлар жиддийлашиб, бошқа одамларни кузатиш ва маълумот тўплашгача етган.

Журналистлар ўзларига ҳам инсон ҳуқуқлари ташкилотини кузатиш, Германиядаги Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) ходими ҳақида маълумот йиғиш, сиёсий партияга кириб бориш ва Германия қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи компаниялари ҳақида маълумот тўплаш каби топшириқлар берилганини маълум қилган.

“Катя”нинг аккаунти Германиядаги россияпараст фаоллардан бири Жовица Йовичнинг ҳам эътиборини тортган. У “Саҳра Вагенкнехт иттифоқи” (BSW) аъзоси бўлиб, TikTok’да қарийб 35 минг обуначига эга.

Йович “Катя” билан учрашиб, ўзининг россияпараст фаолияти ҳақида гапирган. Суҳбат давомида у Россия махсус хизматлари бу фаолиятга алоқадор бўлиши мумкинлигига ишора қилган. Бироқ кейинчалик журналист ўзининг асл шахсини ошкор қилиб, у билан очиқ суҳбатлашганида Йович Россия махсус хизматлари билан алоқаси борлигини ва дезинформация кампаниясида иштирок этганини рад этган.

RTL журналистлари, шунингдек, Германияда Россия билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган саботаж ва жосуслик ҳолатларини ҳам ўрганган. Жумладан, Лейпциг/Галле аэропортида Украина юк самолётларига қарши уюштирилиши режалаштирилган саботаж ҳам текширув доирасида ўрганилган.

Текширув якунида журналист Анжелике Герайнинг “Катя” сифатидаги шахси фош бўлган. Шундан сўнг унга овозли хабар орқали ўлим билан таҳдид қилинган.

“Қочишга уринсанг, ўқ ейсан”, деган мазмундаги таҳдид журналистнинг овозли почтасига юборилган.

RTL телеканали журналистлар хавфсизлигини таъминлаш учун махсус чоралар кўрилганини билдирган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends