Германиялик экспертлар Усмоновга қарши терговнинг қонунийлигига шубҳа билдирди

World

−

image

Экспертлар россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан Германияда солиқ тўлашдан бўйин товлаш гумони билан олиб борилаётган терговнинг қонунийлигига шубҳа билдирди. Бу ҳақда “Welt” хабар берди.

Нашр ихтиёрига келиб тушган солиқ жиноят ҳуқуқи соҳасидаги уч нафар мутахассиснинг хулосасида Германия тергов органларига нисбатан қатор эътирозлар мавжуд. Эксперт хулосаси муаллифлари тергов жараёнлари қонунбузарликлар билан олиб борилмоқда ва у тугатилиши керак, деб ҳисобламоқда.

Аввалроқ, Европа Иттифоқи Алишер Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқарган эди. 2022 йилдан буён бизнесмен ҳисобварақларининг музлатилиши, киришга тақиқ ва бошқа чекловлар юзасидан баҳслашиб келаётганди. Натижада унинг позициясини Германия Федерал олий суди қўллаб-қувватлади. Бизнесменга нисбатан Германияда олиб борилган параллел терговларнинг аксарияти, жумладан, 10 миллион евро тўланганидан сўнг тугатилган. Солиқ тўлашдан бўйин товлаш тўғрисидаги иш эса давом этмоқда.

Экспертларнинг маълумотларига кўра, тергов ҳаракатларини бошлашга Германия Федерал жиноят полицияси бошқармасига (BKA) келиб тушган аноним хабар сабаб бўлган. Унда солиқ жинояти эмас, балки санкциялар режими бузилиши эҳтимоли ҳақида сўз борган. Гумон остига тушган шахснинг исми ҳужжатда тилга олинмаган.

Дастлаб тергов судьяси гумон қилиш учун етарли асослар йўқлиги сабабли Усмоновникида тинтув ўтказишни рад этган, шундан сўнг терговчилар бошқа туман судига мурожаат қилган.

Хулоса муаллифлари тўланмаган солиқларнинг тахминий миқдорини баҳолашдаги ноаниқликка ҳам ишора қилган: иш материалларида бу сумма миллионлардан миллиардлаб еврогача ўзгариб туради. Шу билан бирга, уларнинг баҳолашича, тергов ишонарли далилларни ҳам, тушунарли изоҳларни ҳам тақдим этмаган. Билвосита далиллар орасида меҳмонхонада яшаш, автомобиллар ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг мавжудлиги, шунингдек, ижара шартномалари қайд этилган. Айни пайтда Усмоновнинг Москвадаги манзили Google Street View маълумотлари асосида айбланувчининг “ҳаётий муҳити”ни ташкил этувчи жойлар қаторидан чиқариб ташланган.

Бундан ташқари, экспертларнинг таъкидлашича, терговчилар тадбиркор фойдасига гувоҳлик бериши мумкин бўлган материалларни инобатга олмаган. Хусусан, гап виза ҳужжатлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, Россия солиқ ҳужжатлари ва Германия солиқ бошқармасининг унинг резидентлиги тўғрисидаги маълумотлари ҳақида кетмоқда.

Жумладан, хорижий суд органларидан бири Германия ҳукуматининг сўровини “fishing expedition” – аниқ гумон асосларисиз “далилларни номақбул, мақсадсиз қидириш” деб атаб, рад этган. Бошқа бир ҳолатда эса Европа давлати расмийларига тергов томонидан ҳали тасдиқланмаган даъволар “аниқланган фактлар” сифатида тақдим этилган.

Экспертлар тергов ҳаракатлари муддатларига ҳам эътибор қаратган. Тинтувлар чоғида мингга яқин ҳужжатлар жилдлари ва бир неча терабайт маълумотлар олиб қўйилган бўлиб, уларни дастлабки ўрганиш тўрт йил давом этган. Бу эса “мутаносиблик тамойилига зид”. Ҳимоя томони иш материалларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини фақат икки йилдан кейин қўлга киритган, айрим ҳужжатлар эса ундан кейин ҳам ёпиқлигича қолган.

“Шу билан бирга, солиқ терговига оид ҳужжатларнинг бир қисми шундан кейин ҳам ҳимоя томони учун ёпиқлигича қолган. Олиб қўйилган айрим маълумотларга ҳимоя томони тинтувлар ўтказилганидан уч йилдан кўпроқ вақт ўтгачгина кириш имконига эга бўлган”, дейилади ҳужжатда.

Хулоса муаллифлари тергов органлари аввалги версияларни ишонарли далиллар билан мустаҳкамламасдан туриб, гумонлар доирасини кенгайтираётганини таъкидламоқда. Улар, шунингдек, Усмоновга нисбатан унинг яшаш жойи ҳақидаги тахминларга асосланган янги ишга ҳам ишора қилган – бу борада терговчиларнинг ўзлари ҳам якдил фикрга кела олмаган.

“Агар тўрт йилдан ортиқ вақт ўтгач ҳам асосий солиқ-ҳуқуқий масалаларни айбланувчи фойдасига ҳал қилиб бўлмаган бўлса, бу жиноят содир этилганлигида гумон қилиш учун етарли асослар мавжуд эмаслигидан далолат беради”, дейилади ҳужжатда. 

Эслатиб ўтмиз, аввалроқ “Die Welt” нашри Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқига қарши суд жараёнида эришган муҳим ҳуқуқий ғалабаси ҳақида мақола эълон қилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends