Gemini аудиторияси 1 миллиарддан ошди
Tech News
−
09:38 721 2 minutes
Google компаниясининг сунъий интеллектга асосланган Gemini сервиси ойлик фаол фойдаланувчилари сони бўйича 1 миллиардлик чегарадан ошди. Бу ҳақда 12 август куни Google бош директори Сундар Пичай маълум қилди.
Gemini 2023 йилда ишга туширилганидан кейин фойдаланувчилар базасини жадал кенгайтирди. 2025 йил май ойида сервисдан ойига 400 миллион киши фойдаланган бўлса, 2026 йил майига келиб бу кўрсаткич 900 миллионга етган. Шу тариқа Gemini қисқа вақт ичида яна 100 миллион фойдаланувчи қўшиб, 1 миллиардлик кўрсаткичга чиқди.
Google маълумотига кўра, Gemini компания тарихида 1 миллиард ойлик фаол фойдаланувчига етган 14-маҳсулот бўлган. Ушбу рўйхатда Google қидирув тизими, Gmail, Drive, Android, YouTube ва Chrome каби сервислар ҳам бор.
Gemini аудиториясининг тез ўсишида сервиснинг Google экотизими билан яқин интеграцияси муҳим омиллардан бири бўлмоқда. Gemini Android қурилмалари, қидирув тизими ва бошқа Google маҳсулотлари билан боғланган, шунингдек, веб ва iOS орқали ҳам фойдаланиш мумкин. Google Gemini’ни компания тарихидаги энг тез ўсган маҳсулот деб атаган.
Gemini’нинг 1 миллиардлик натижаси сунъий интеллект бозорида Google ва OpenAI ўртасидаги рақобат янада кучайганини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, Google’нинг 1 миллиардлик кўрсаткичи айнан Gemini иловаси ва веб-версияси фойдаланувчиларига тегишли бўлиб, Google қидируви ёки бошқа маҳсулотлардаги алоҳида сунъий интеллект функцияларидан фойдаланиш бу рақамга киритилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ChatGPT ҳам 1 миллиард ойлик фойдаланувчи кўрсаткичига етгани маълум қилинганди.
Live
All