Ғарб Марказий Осиёдан ҳарбий базаларни жойлаштиришни сўраяпти – КХШТ бош котиби

World

−

image

Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатлари вакиллари Марказий Осиё республикалари раҳбариятига ўз ҳудудларида ҳарбий базаларни жойлаштириш бўйича илтимослар билан тез-тез мурожаат қилмоқда. Улар буни минтақа мамлакатларининг Афғонистонга географик жиҳатдан яқинлиги билан боғлаяпти. Бу ҳақда жорий йилнинг 21 октябрь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) бош котиби Таалатбек Масадиков видеоқўнғироқ шаклидаги брифингда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё республикаларининг КХШТга аъзо бўлган ва аъзо бўлмаган етакчилари бундай илтимосларга қатъий рад жавобини бермоқда. Жумладан, улар минтақа ичидаги келишмовчиликларни мустақил равишда енгиб ўтишга муваффақ бўлгани сабабли ҳам шундай йўл тутяпти.

У Россиянинг Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий иштироки ушбу республикалардаги, шунингдек, умуман Марказий Осиёдаги вазиятга ижобий таъсир кўрсатаётганини қўшимча қилган. Иккала мамлакатда ҳам ушбу иштирок сақланиб қолмоқда ва ҳокимият органлари бу тартибни қайта кўриб чиқиш ниятида эмас.

“Минтақа бошқа давлатлар кучларининг иштирокидан манфаатдор эмас. Айниқса, Марказий Осиёнинг баъзи республикалари, жумладан, Қирғизистон Ғарб ҳарбийларини жойлаштириш тажрибасига эга бўлгани ва унга қайтишга тайёр эмаслиги сабабли”, дейди КХШТ раҳбари.

Таалатбек Масадиков Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳудудий низоларни музокаралар столи атрофида мустақил равишда ҳал этилганини мисол қилиб келтирган.

Унинг сўзларига кўра, бу минтақадаги қўшниларнинг бир-бирлари билан тинч йўл билан келишиб олиш ва уларнинг хавфсизлигига таҳдид солувчи турли хавф-хатарларга биргаликда жавоб бериш қобилиятини кўрсатади.

“Ишончим комилки, Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг сиёсий иродаси ва донолиги масалаларни тинч йўл билан ва етарлича тез ҳал этишга ҳамда пайдо бўладиган чақириқларга, агар шундайлари юзага келса, жавоб беришга имкон беради”, дейди у.

Маълумот учун, ҳозирги кунда минтақада энг йирик ва доимий ҳарбий иштирокка эга бўлган мамлакат Россия Федерацияси ҳисобланади. Тожикистонда Россиянинг мамлакат ташқарисидаги энг йирик ҳарбий объекти — 201-ҳарбий база жойлашган (Душанбе ва Бохтар шаҳарларида). Бундан ташқари, Тожикистондаги Норак шаҳри яқинида Россия космик қўшинларига тегишли “Окно” оптик-электрон назорат тизими фаолият юритади. Қирғизистонда эса Россиянинг Кант шаҳридаги бирлашган авиабазаси мавжуд бўлиб, у КХШТ Тезкор жавоб қайтариш кучларининг ҳаво компонентларини таъминлайди. Шунингдек, Қозоғистонда Россия Федерацияси ижарага олган “Бойқўнғир” космодроми ва “Сари-Шаган” ракетага қарши мудофаа полигони каби муҳим стратегик синов объектлари ишлаб турибди.

Шунингдек, Ўзбекистон жанубидаги Хонобод аэродроми 2001 йил октабридан 2005 йил ноябригача АҚШ ҳаво базаси сифатида фойдаланилган. Американинг илк самолётлари 2001 йилнинг 11 сентябридаги хуружларидан бир ой ўтиб Ўзбекистон жанубига қўнган. Аэробаза “Ал-Қоида” ва қўшни Афғонистонда жойлашган “Толибон” кучларини нишонга олиш кампаниясида АҚШ кучлари учун логистика маркази бўлиб хизмат қилган. 2005 йил май ойида юз берган Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукумати америкаликлардан Хонободни тарк этишни талаб қилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends