Финляндия россияликларни Европага киритмасликка чақирди
World
−
11:51 569 2 minutes
Финляндия Ташқи ишлар вазири Элина Валтонен Россия Украинага қарши урушни давом эттираётган бир пайтда Европа Иттифоқи давлатларини россияликларга туристик виза беришни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда DW хабар берди.
Қайд этилишича, Валтонен кеча, 12 октябрь куни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Еврокомиссияга мурожаат йўллаш учун иттифоққа аъзо бошқа давлатларни ҳам ушбу ташаббусга қўшилишга таклиф қилган.
“Россияликлар Европага келиб, бу ердаги турмуш тарзи ва эркинликлардан баҳраманд бўлаётган бир пайтда, уларнинг мамлакати украиналикларнинг уйларини бомбалаши нотўғри”, деган Финляндия Ташқи ишлар вазири.
Унинг билдиришича, Финляндия 2022 йилдаёқ россияликларга зарурат бўлмаган сафарлар учун виза беришни тўхтатган. Валтонен бу чора бутун Европа Иттифоқи миқёсида ҳам жорий этилиши кераклигини билдирган.
Шунингдек, вазир Россия Президенти Владимир Путиннинг яқин атрофидаги шахсларга Шенген визаларини беришни тақиқлаш, россиялик спортчиларга виза беришни чеклаш ҳамда Украинага қарши урушда қатнашган россияликларга виза бериш тақиқини самарали қўллашга чақирган.
Аввалроқ, сентябрь ойида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ҳам Москванинг гибрид ҳужумларига жавобан Россияга нисбатан чекловларни кучайтириш, жумладан, туристик визалар сонини камайтириш зарурлигини айтган эди.
Шунингдек, Эстония Украинага қарши урушда қатнашган собиқ россиялик ҳарбийларга виза беришни тақиқлаш таклифини илгари сурган. Кейинчалик ушбу чорани Болтиқбўйи ва Шимолий Европа минтақасидаги бошқа давлатлар ҳам қўллаб-қувватлаган.
Жорий йилнинг июнь ойида Европа Иттифоқига аъзо бир гуруҳ давлат россияликларга туристик виза беришни тўхтатишга чақирган. Уларнинг мурожаатида 2025 йилда россияликларга Шенген ҳудудидаги 29 та давлатга сафар қилиш учун 470 мингта виза берилгани қайд этилган. Уларнинг кўпчилиги бир неча марта кириш имконини берган.
Австрия парламенти сайтидаги маълумотларга кўра, 14 октябрь куни Европа Иттифоқи Кенгашида Россияга нисбатан виза сиёсати масаласини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Еврокомиссия диверсиялар ва бошқа гибрид ҳужумлар хавфи ортиб бораётгани муносабати билан Россия фуқаролари учун виза қоидаларини қатъийлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All