Эрон АҚШдан сулҳ бўйича жавоб олди
World
−
08:43 3453 2 minutes
Эрон АҚШга юборган Форс кўрфазидаги сулҳни қайта тиклаш бўйича сўнгги таклифига Вашингтондан жавоб олганини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШнинг жавобини Эрон ҳукуматига етказган. Бу маълумот Эрон ҳукумати вакили томонидан кеча, 30 сентябрь куни Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 27 сентябрь куни Эроннинг таклифини рад этганини айтганди. Бироқ Ароқчи Теҳрон Вашингтондан расмий рад жавобини олмаганини билдирган.
Маълумотларга кўра, Эрон ўтган ҳафта АҚШ билан сулҳни тиклаш бўйича таклиф илгари сурган. Унга кўра, Вашингтон Эрон портларига ўрнатилган блокадани бекор қилиши, Теҳрон эса Ҳормуз бўғозини етти кун ичида қайта очиши керак.
Томонлар ўртасидаги музокараларда Қатар воситачилик қилмоқда. Ўтган ҳафта Қатарлик воситачилар Нью-Йоркда БМТ йиғилиши доирасида АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида музокаралар ўтказган. Нашрнинг қайд этишича, бу сулҳ барбод бўлганидан бери икки давлат ўртасидаги илк билвосита музокаралар бўлган.
Музокаралардан хабардор расмийга кўра, томонлар келишув учун зарур бўлган қадамларнинг аксарияти бўйича бир фикрда. Бироқ уларни қайси тартибда амалга ошириш масаласида келишмовчилик сақланиб қолмоқда.
Эрон томонининг билдиришича, таклиф АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён томонидан июнь ойида имзоланган, бироқ бир неча ҳафта ўтиб барбод бўлган вақтинчалик келишувни қайта тиклашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ўзи фойдаланиб келган мамлакатдаги сиёсий ва ҳарбий базалар ҳамда штабларнинг барчасини Ироқ ҳукуматига топширган эди. Шу билан бирга, АҚШ 30 сентябрь куни Ироқдаги сўнгги ҳарбийларини ҳам олиб чиққан. Эрон ва унинг иттифоқчилари АҚШ қўшинларининг Ироқдан чиқиб кетишини олқишлаган.