Эрдўған Озарбайжонда: аразчи Алиев уни тантана билан кутиб олди (видео)
World
−
17:17 919 2 minutes
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Президент Илҳом Алиев билан учрашди. Учрашувдан аввал Туркия раҳбари расмий маросим билан кутиб олинди. Бу ҳақда Туркия Президентининг расмий сайтида хабар берилди.
Маълум қилинишича, бугун, 8 ноябрь куни Эрдўған Озарбайжонга Ғалаба куни тадбирларида иштирок этиш учун расмий ташриф билан борган. Уни Фузулий халқаро аэропортида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва унинг рафиқаси Меҳрибан Алиева кутиб олган.
Шундан сўнг, Туркия раҳбарини Шуша шаҳрида расмий кутиб олиш маросими ўтказилган. Тадбирда икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортган. Туркия ва Озарбайжон давлат мадҳиялари янграган.

Маросим давомида давлат раҳбарлари делегация аъзоларини бир-бирига таништирган ва расмий суратга тушган. Унда Эмина Эрдўған ҳамда Меҳрибан Алиева ҳам иштирок этган.
Расмий маросим якунланганидан кейин икки давлат раҳбари Шуша шаҳри ҳокимлиги биносига кириб, юзма-юз учрашув ўтказган.

Маълумот учун, 8 ноябрь Озарбайжонда Қорабоғ ғалабаси муносабати билан Ғалаба куни сифатида нишонланади. Бу йил мамлакат Қорабоғнинг 30 йиллик босқиндан озод этилганига олти йил тўлганини нишонламоқда. Эрдўған ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Озарбайжон халқини ушбу сана билан табриклаб, ватан учун жонини фидо қилган шаҳидларни ёд этган.

Қайд этиш жоиз, сўнгги ойларда Анқара ва Баку ўртасидаги муносабатларда бир қатор масалалар бўйича келишмовчиликлар юзага келди. Сентябрь ойида Озарбайжон ҳукумати давлат мактаблари ўқувчиларининг ташқи кўринишини тартибга солувчи қоидаларга ўзгартиришлар киритди. Янги меъёрлар ягона мактаб формаси стандартини бузувчи ёки таълимнинг дунёвий хусусиятига мос келмайдиган кийим элементларини тақиқлайди.
Қарор Туркияда, жумладан, юқори сиёсий даражада танқидларга сабаб бўлди. Озарбайжон парламенти депутати Жайҳун Мамедов журналистларга ислоҳот таълим муассасаларида диний, этник ва ижтимоий-иқтисодий фарқларни бартараф этишга қаратилганини изоҳлади. Ҳужжатда “ҳижоб” сўзи тилга олинмаган бўлса-да, ўзгартиришлар уни ўрашга ҳам дахлдор бўлди.

Кейинчалик Озарбайжон ТИВ республикада ҳокимиятни зўравонлик билан ўзгартиришга чақиргани учун 31 нафар Туркия фуқаросини номақбул шахслар рўйхатига киритди. Бунга қадар Озарбайжон Бош прокуратураси мамлакатда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга очиқдан очиқ чақириқлар қилиш бўйича жиноят иши доирасида етти нафар Туркия фуқаросини халқаро қидирувга берган эди.

Эслатиб ўтамиз, муносабатлар совуқлашуви фонида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “иш жадвалининг тиғизлиги сабабли” жорий йилнинг 29–30 октябрь кунлари Туркияда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этмаганди.

Live
All