Эрдўған Бакуга кетяпти. Яраш оши пишадими?
Review
−
09:38 640 12 minutes
Эрдўған Бакуга нима учун боряпти?
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған сиёсий тарангликлар ва икки томонлама алоқалардаги инқирозлар фонида 8 ноябрь куни Озарбайжонга борадиган бўлди. Нега бу сана танланди дейдиган бўлсангиз, 8 ноябрь Озарбайжонда Иккинчи Қорабоғ уруши даврида Шуша шаҳри озод этилган ва мамлакатда Зафар куни сифатида нишонланадиган сана. Туркия етакчиси кеча, 5 ноябрь куни Жанубий Кореядан қайтаётганда самолётда журналистларга – агар фавқулодда бирор ҳолат юз бермаса, шу куни Озарбайжонга боришни режалаштираётганини ва бу ташриф зарур қадамларни ташлаш учун имконият яратилишидан умидворлигини билдирган.
“Фавқулодда ҳолат юзага келмаса, 8 ноябрь куни Озарбайжонга ташриф буюришни режалаштиряпман. Бу сафар икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш бўйича зарур қадамларни ташлаш учун имконият бўлиши мумкин”, дейди у.
Шу билан бирга Эрдўған журналистларга ўтган ой Алиев билан телефон орқали гаплашгани, шунингдек, Миллий разведка ташкилоти раҳбари ва ташқи ишлар вазирини Озарбайжонга юборгани аллақачон маълум эканини айтган.
“Бундан ташқари, “телефон дипломатияси” жаноб Илҳомнинг ўзи билан ҳам, турмуш ўртоқларимиз ўртасида ҳам олиб борилган ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Улар ҳам 8 ноябрь куни нишонланадиган Ғалаба кунига катта аҳамият беришади.
Туркия Президенти, шунингдек, Анқара ва Баку ўртасидаги муносабатлар одатий дипломатик алоқалардан анча кенг эканини доим таъкидлаб келишини ва бу оғайничиликка ҳеч нима тўсиқ бўла олмаслигини қайд этди.
“Озарбайжон билан муносабатларимиз ҳар доим оддий дипломатик алоқалардан анча юқори бўлган. Мен буни доим таъкидлаганман. Икки мамлакат ўртасидаги узилмас ришталар умумий тарихимиз, маданиятимиз, муштарак тақдиримиз ва Худо хоҳласа, келажагимизга бориб тақалади. Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги биродарлик енгиб ўта олмайдиган ҳеч қандай тўсиқ йўқ”, дея қўшимча қилди у.
Сўнгги кунларда Анқара ва Баку ўртасида юзага келган таранглик, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Туркий давлатлар ташкилотининг Анқарадаги саммитида қатнашмагани, унинг ўрнига ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовнинг бориши ҳамда сентябрь ойида Озарбайжон ҳукумати давлат мактаблари ўқувчиларининг ташқи кўринишини тартибга солувчи қоидалардаги ўзгартиришлар ортидан Туркия ва Озарбайжон расмийлари ўртасидаги айрим келишмовчиликлар иккала қардош мамлакат орасидаги муносабатларга дунё медиасининг эътиборини кучайтирди. Эрдўғаннинг 8 ноябрдаги кутилаётган ташрифи ана шу вазиятда икки давлат ўртасидаги сиёсий алоқаларни қайта мустаҳкамлашга қаратилган қадам сифатида кўрилмоқда.
Алиев Эрдўғаннинг ҳузурига бормади. Трамп омили
29–30 октябрь кунлари Анқарада ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитида Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон раҳбарлари ва бошқалар фаол қатнашган бир пайтда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Анқарага бормади. Ўрнига Озарбайжон делегациясига Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов бошчилик қилди. Озарбайжон оммавий ахборот воситалари Алиевнинг саммитда қатнашмаганини олдиндан режалаштирилган мажбуриятлари ва “иш жадвалининг тиғизлиги сабабли” дея изоҳлаган. Яъни 30 октябрь куни Алиев учун Туркиядаги саммитдан ҳам муҳимроқ иш – Бакуда илк бор ўтказилаётган FIFA U-15 Жаҳон чемпионати ва фестивалининг финалчиларини тақдирлаш эди.
Бироқ халқаро матбуот бу ҳолатни Туркия ва Озарбайжон ўртасида кучайиб бораётган келишмовчиликлар фонида юз берди дея талқин қилди. Саммит арафасида икки давлат ўртасидаги муносабатларга таъсир қилган бир нечта масала мавжуд эди. Улардан бири сентябрь ойидаги Озарбайжонда мактаб формасига оид янги қоидалар ва рўмол масаласи бўлди. Туркиядаги айрим сиёсатчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари бу қарорларни танқид қилганидан кейин Баку буни мамлакатнинг ички ишларига аралашиш сифатида қабул қилди.
Озарбайжоннинг 31 нафар Туркия фуқароларига нисбатан қўллаган санкциялари ҳам вазиятни мураккаблаштирди. Туркия Президенти Эрдўғаннинг маслаҳатчиси Оқтой Сарал ҳам Озарбайжоннинг мактаб формаси сиёсатини танқид қилганидан кейин лавозимидан четлатилди. Бу қарор Анқара билан муносабатларни кескинлаштиришдан кўра, уларни юмшатишга интилаётганини кўрсатди.
Бироқ келишмовчилик фақат мактаб формаси масаласи билан чекланиб қолмади. Туркиянинг Арманистон билан муносабатларни нормаллаштиришга интилиши, Озарбайжоннинг Исроил билан яқин алоқалари ва икки давлатнинг минтақавий сиёсатдаги айрим қарашлари ҳам муносабатлар фонида муҳим ўрин тутмоқда.
Анқара саммитида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған туркий дунёда тарқоқлик, бегоналашув ва келишмовчиликларга ўрин йўқлигини айтиб, халқлар ўртасидаги бирлик ва қардошлик ришталарини алоҳида қайд этганди.
“Кеча ва бугун олинган оилавий сурат умумий ўтмишимизга бўлган садоқатимиз, шунингдек, умумий келажагимизни биргаликда барпо этиш борасидаги қатъиятимиз рамзига айланди. Туркий дунёнинг оилавий даврасида тарқоқлик, бегоналашув ва келишмовчиликларга ўрин йўқ. Барчамиз бирмиз, биргамиз ва Иншааллоҳ, азалдан абадгача қардош бўлиб қоламиз”, дейди Туркия Президенти Эрдўған.
Мазкур баёнот бевосита Озарбайжон номини тилга олмаган бўлса-да, Алиевнинг саммитда қатнашмагани сабабли сиёсий мазмун касб этди дейиш мумкин. Шу билан бирга, саммит давомида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эрдўған билан телефон орқали икки марта мулоқот қилгани ҳам эътиборга молик. Анқарадан бир океан ёхуд 8 минг километр нарида Вашингтонда ўтирган Трамп 29 октябрь куни Туркия Республикаси куни муносабати билан ўтказилган расмий кечки овқат вақтида Эрдўған билан боғланди. Суҳбатда Трамп Эрдўғанга қўнғироқ қилиб, Туркий давлатлар ташкилоти етакчилари саммитини ўтказишда муваффақият тилаган. Эрдўған эса, ўз навбатида, Анқарада ТДТ саммити ўтказилаётгани ва унда муҳокама қилинаётган масалалар ҳақида Трампга маълумот берган. Эрдўған эса тадбирда қатнашаётган давлат раҳбарларининг саломини Трампга етказган.
Бу телефон мулоқотини Озарбайжон билан боғлаб талқин қилмоқчи эмасман. Демоқчиманки, Туркий давлатлар ташкилоти ва унинг минтақавий ҳамкорлик имкониятлари АҚШ учун ҳам эътиборга молик.
Анқара саммитида савдо, энергетика, транспорт йўлаклари ва минтақавий хавфсизлик каби масалалар муҳокама қилинган бўлса, АҚШнинг Туркия билан мулоқотида ҳам бу йўналишлар муҳим ўрин тутмоқда. Бу эса Озарбайжон учун ҳам аҳамиятли. Чунки Баку минтақадаги энергетика ва транспорт йўналишларининг муҳим иштирокчиларидан бири. Дональд Трампнинг 2024 йилги президентлик сайловларида ғалаба қозониб, 2025 йил январида Оқ уйга қайтиши АҚШнинг минтақадаги сиёсий йўналишига янги босқич олиб келди. Бироқ Озарбайжон – АҚШ муносабатларини фақат Трампнинг шахсий қарашлари билан изоҳлаб бўлмайди.
Бу муносабатларда, аввало, Жанубий Кавказдаги хавфсизлик ва барқарорлик масаласи муҳим ўрин тутади. Озарбайжон минтақадаги сиёсий жараёнларнинг асосий иштирокчиларидан бири бўлиб, унинг Арманистон билан муносабатлари, тинчлик келишувига эришиш ва чегаралар хавфсизлигини таъминлаш халқаро кучларнинг ҳам эътиборида. Шу билан бирга, Озарбайжоннинг энергетика ресурслари ва уларни халқаро бозорларга етказиш имкониятлари АҚШ учун ҳам стратегик аҳамиятга эга. Баку нефть ва газ экспорти орқали Европанинг энергетика хавфсизлигида муҳим роль ўйнайди. Европа ва Осиёни боғловчи транспорт йўлаклари, жумладан, Каспий денгизи орқали амалга ошириладиган транзит лойиҳалари ҳам минтақанинг иқтисодий ва геосиёсий аҳамиятини оширмоқда. Бундай шароитда АҚШнинг Жанубий Кавказдаги сиёсий ва иқтисодий таъсири, Арманистон – Озарбайжон тинчлик жараёнидаги иштироки ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари алоҳида аҳамият касб этади. Шу сабабли Вашингтон ва Баку ўртасидаги муносабатлар нафақат икки томонлама дипломатия, балки Жанубий Кавказдаги кучлар мувозанати ва халқаро стратегик манфаатлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Озарбайжон учун АҚШ билан алоқалар Россия, Туркия ва европа билан муносабатлар каби кўп йўналишли ташқи сиёсатнинг бир қисмидир. Баку бир вақтнинг ўзида Туркия билан стратегик иттифоқни сақлаш, АҚШ билан иқтисодий ва дипломатик алоқаларни ривожлантириш ҳамда минтақадаги бошқа кучлар билан мувозанатни таъминлашга интилади. Шунинг учун Трампнинг Эрдўған билан телефон мулоқоти Озарбайжон учун ҳам муҳим сиёсий фон яратади.
Эрдўған ва Алиевнинг шахсий муносабатлари
Туркия ва Озарбайжон муносабатларининг энг муҳим хусусиятларидан бири – икки давлат раҳбарлари ўртасидаги сиёсий яқинлик. Эрдўған ва Алиев узоқ йиллардан бери бир-бирини стратегик ҳамкор сифатида кўриб келади. Уларнинг муносабатлари фақат расмий учрашувлар билан чекланмайди. Икки давлат раҳбарлари кўплаб халқаро масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келган. Туркия Озарбайжоннинг Қорабоғ масаласидаги позициясини ҳам узоқ йиллардан бери қўллаб-қувватлаб келади. Озарбайжон эса Туркиянинг минтақавий ва халқаро сиёсатдаги ташаббусларига кўп ҳолларда яқин позицияда бўлган. 2021 йил 15 июнда Шуша шаҳрида имзоланган Шуша декларацияси икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлади. Декларацияда сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳужжат Туркия ва Озарбайжон муносабатларини оддий стратегик шерикликдан иттифоқчилик даражасига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди. Аммо ҳозирги вазиятда шахсий яқинликнинг ўзи барча сиёсий келишмовчиликларни бартараф этишга етмаслиги турган гап.
8 ноябрь. Бу сана 2020 йилда Иккинчи Қорабоғ уруши давомида Шуша шаҳри Озарбайжон назоратига қайтарилган кун билан боғлиқ. “Иккинчи Қорабоғ уруши” деганда Қорабоғ ҳудудининг иккинчи марта эгалланиши эмас, балки 1990 йиллардаги Биринчи Қорабоғ урушидан кейинги янги уруш назарда тутилади. Биринчи Қорабоғ уруши 1988–1994 йиллар оралиғидаги можаро бўлиб, унинг натижасида Арманистон кучлари ва маҳаллий арман қуролли тузилмалари Қорабоғ ҳамда унинг атрофидаги ҳудудларнинг катта қисмини назорат қилган.
Иккинчи Қорабоғ уруши эса 2020 йил 27 сентябрда бошланди. Уруш 44 кун давом этди ва 10 ноябрда Россия воситачилигида имзоланган уч томонлама баёнот билан тўхтатилди. 8 ноябрь куни Шуша шаҳри Озарбайжон назоратига қайтарилди. Шу сабабли бу сана мамлакатда Зафар куни сифатида белгиланган.
Демак, 8 ноябрь урушнинг расмий якунланган санаси эмас, балки Озарбайжон учун стратегик ва рамзий аҳамиятга эга бўлган Шуша ғалабаси куни ҳисобланади. Туркия 2020 йилги уруш давомида Озарбайжоннинг сиёсий позициясини қўллаб-қувватлаган. Эрдўғаннинг 8 ноябрь куни Бакуга бориши шу тарихий яқинликни яна бир бор намойиш этиш имкониятидир. Аммо ташрифнинг бугунги сиёсий вазиятдаги аҳамияти шундаки, у икки давлат ўртасидаги муносабатларни фақат тарихий хотира орқали эмас, балки ҳозирги дипломатик келишмовчиликлар фонида ҳам мустаҳкамлашга қаратилган.
Иқтисодий ва энергетик боғлиқлик: Туркияга Озарбайжондан нима наф?
Туркия ва Озарбайжон муносабатларининг энг мустаҳкам асосларидан бири – иқтисодий ва энергетик ҳамкорлик. Сиёсий келишмовчиликлар юзага келган тақдирда ҳам, икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар муносабатларни сақлаб қолувчи муҳим омил бўлиб қолади. Озарбайжон Туркиянинг муҳим савдо ҳамкорларидан бири. Туркия эса Озарбайжоннинг экспорт ва импорт операцияларида асосий ҳамкорлар қаторига киради. Озарбайжоннинг Туркиядаги элчихонаси маълумотларига кўра, 2025 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 5,72 миллиард долларни ташкил этган. Шундан Озарбайжоннинг Туркияга экспорти 3,38 миллиард доллар, Туркиянинг Озарбайжонга экспорти эса 2,34 миллиард доллар бўлган. 5 ноябрь куни Жанубий Кореядан қайтаётган Эрдўған журналистларга бу икки томонлама савдо ҳажмидаги ушбу рақамлар 11 миллиард доллардан ошганини, уни 15 миллиард долларга етказиш мақсад қилинганини ҳам маълум қилган.
Кўриб турганингиздек, мазкур рақамлар Туркия ва Озарбайжон муносабатлари реал иқтисодий манфаатлар билан боғланганини очиқлаб турибди. Озарбайжоннинг Туркия иқтисодиётидаги иштироки ҳақида гап кетганда, SOCAR компаниясини алоҳида кўрсатиш керак. SOCAR Озарбайжоннинг давлатга тегишли энергетика компанияси бўлиб, унинг Туркиядаги фаолияти нефтни қайта ишлаш, нефть-кимё, логистика ва бошқа йўналишларни қамраб олади. Туркиядаги энг йирик Озарбайжон инвестицияларидан бири – Измир вилоятининг Алиоға ҳудудида жойлашган STAR нефтни қайта ишлаш заводи. Озарбайжон элчихонаси маълумотига кўра, заводга киритилган капитал инвестиция 6,3 миллиард долларни ташкил этган. Бу лойиҳа Озарбайжон капиталининг Туркия саноатидаги йирик иштирокини кўрсатади. SOCARʼнинг Туркиядаги фаолияти фақат хом нефть етказиб бериш билан чекланмай, уни қайта ишлаш ва саноат маҳсулотларига айлантиришни ҳам ўз ичига олади. Шу жиҳатдан SOCAR Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг асосий институционал таянчларидан бири ҳисобланади. Бироқ SOCARʼни Озарбайжон сиёсий элитасининг барча иқтисодий манфаатларини ифодаловчи ягона компания сифатида кўрсатиш тўғри эмас. Компания давлатга тегишли бўлса-да, унинг Туркиядаги фаолияти иқтисодий ва саноат манфаатлари доирасида таҳлил қилиниши керак.
Туркия Озарбайжон газига қанчалик боғлиқ?
Энергетика муносабатлари икки давлат ҳамкорлигининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Озарбайжон Туркияга табиий газ етказиб беради. Бу ҳамкорликнинг асосий инфратузилмаларидан бири – TANAP, яъни Транс-Анадолу газ қувури. TANAP Озарбайжон газини Грузия орқали Туркияга етказиб, кейинчалик европа бозорларига узатиш имконини берувчи Жанубий газ йўлагининг муҳим қисмидир. Бундан ташқари, Баку – Тбилиси – Жайҳун нефть қувури Озарбайжон нефтини Туркиянинг Ўрта ер денгизи соҳилига етказади. Ушбу йўналиш Озарбайжоннинг халқаро энергетика бозорига чиқишида муҳим роль ўйнайди.
Туркия учун бу ҳамкорлик энергия манбаларини диверсификация қилиш ва минтақавий транзит маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш имконини беради. Озарбайжон учун эса Туркия катта истеъмол бозори ва энергетика маҳсулотларини халқаро бозорларга олиб чиқишда муҳим ҳамкор ҳисобланади. Бу ўзаро манфаатли боғлиқликдир. Шу сабабли икки давлат ўртасидаги сиёсий келишмовчиликлар энергетика соҳасидаги ҳамкорликка ҳам таъсир қилиши мумкин, бироқ мавжуд иқтисодий манфаатлар муносабатларни юқори даражада мустаҳкам сақлаб қолиш учун кучли рағбат яратади.
Озарбайжон – Исроил муносабатлари
Озарбайжон Исроил билан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий соҳаларда яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Исроил Озарбайжон учун қурол-яроғ ва ҳарбий технологиялар етказиб берувчи муҳим давлатлардан бири ҳисобланади.
Турли очиқ манбаларда Озарбайжоннинг Исроил қуролларидан, жумладан, учувчисиз учиш аппаратлари ва бошқа ҳарбий технологиялардан фойдалангани ҳақида маълумотлар мавжуд. 2020 йилги Қорабоғ уруши давомида Исроил томонидан ишлаб чиқарилган Harop, SkyStriker ва Orbiter-1K камикадзе дронлари, шунингдек, LORA баллистик ракеталари ва Hermes-450, Hermes-900 разведка дронлари Озарбайжон армияси томонидан қўллангани халқаро матбуотда ёритилган.
Озарбайжон ва Исроил алоқаларида энергетика, мудофаа, технологиялар ва минтақавий хавфсизлик манфаатлари ҳам мавжуд. Озарбайжон Исроилга нефть етказиб берувчи муҳим давлатлардан бири сифатида ҳам тилга олинади. Исроилнинг Озарбайжон билан энергетик ҳамкорлиги унинг ташқи сиёсатидаги муҳим йўналишлардан биридир.
Туркия бўлса Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётларини кескин қоралаб келмоқда. Анқара ва Тель-Авив ўртасидаги муносабатлар шу сабабли жиддий таранглашган. Англаётганингиздек, икки давлатнинг Исроил масаласида позицияси бир-биридан фарқ қилади.
Хуллас, Эрдўғаннинг 8 ноябрь ташрифи қардошини фақат “зафар”и билан табриклашдан ташқари, ўзи таъкидлаганидек, ўртадаги келишмовчиликларни бартараф этиш учун “зарур қадамларни ташлаш учун имконият”идир эҳтимол. Зарур қадамларнинг айнан қандай ташланишини эса 8 ноябрь куни QALAMPIR.UZ сизга етказади.
Live
AllOzon teshigi rekord darajada kengaydi
06 November
Oktyabrda inflyatsiya 0,6 foizni tashkil etdi
06 November