Энергетикада ходимлар иши рақамли тизим орқали назорат қилинади
Local
−
27 July 1737 2 minutes
“Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгаз” тизимида ишлаётган ходимлар фаолиятини бошқариш рақамлаштирилади. Бу ҳақда бугун, 27 июль куни Ўзбекистон Президенти раислигида ёқилғи-энергетика соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, бугунги кунда “Ҳудудий электр тармоқлари”да 25 минг, “Ҳудудгаз”да эса 16 минг нафар ходим меҳнат қилмоқда. Бироқ уларнинг кунлик иш фаолияти рақамли тарзда бошқарилмагани сабабли раҳбарлар ходимлар вақтидан қай даражада самарали фойдаланаётганини тўлиқ назорат қила олмаяпти.
Таъкидланишича, бу ҳолат меҳнат унумдорлигининг бошқа давлатларга нисбатан 1,5–2 баробар паст бўлишига, аварияларни бартараф этиш муддати эса 3–4 баробар кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан Энергетика вазирлиги ҳузурида Ёқилғи-энергетика тармоғини рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш маркази ташкил этилади.
Марказ томонидан соҳанинг “ишлаб чиқариш – узатиш – тақсимлаш – етказиш” занжири, шунингдек, кўмир, суюлтирилган газ ва мазут таъминоти “стресс-аудит”дан ўтказилади. Унинг натижаси асосида соҳани ривожлантириш бўйича бир нечта сценарий ишлаб чиқилади.
Шунингдек, ҳар бир ходимнинг кунлик иш фаолиятини рақамли алгоритм асосида бошқарадиган тизим яратилади. ASKUE ва ASKUG маълумотлари сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиниб, шубҳали ўзгаришларни аниқлаш имконини берувчи платформа ишга туширилади.
Бундан ташқари, тизимдаги 106 минг нафар ходим учун 10 та асосий KPI белгилаб берилади. Унда авариявий ва режали ўчиришлар, тармоқдаги йўқотишлар, дебитор қарздорлик, қувватлар захираси ҳамда таъмирлаш дастурларининг бажарилиши асосий баҳолаш мезонлари бўлади.
Live
All