Энди нуқсони бор товарлар текширувдан ўтказилади

Local

image

Энди Ўзбекистонда нуқсони бор товарлар текширувдан ўтказилади. Бу ҳақда бугун, 10 сентябрь куни Сенатнинг 19-ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонунда сўз боради.

Мажлисда қайд этилишича, кейинги йилларда мамлакатда рақобатни ривожлантириш орқали истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Қонун билан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига товардаги нуқсонларни унинг ташқи кўринишидан аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда товар сифатини қўшимча равишда текширишнинг ҳуқуқий асосларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар ва қўшимча киритилмоқда.

Шунингдек, текширишнинг тартиби ва муддати, истеъмолчининг ушбу жараёнда иштирок этишини ҳамда текширишни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаб бериш тартиби ҳам белгиланмоқда.

Товардаги нуқсонлар у истеъмолчига реализация қилинганидан кейин, товарни сақлашнинг ёки ундан фойдаланишнинг белгиланган қоидалари бузилганлиги сабабли ёхуд учинчи шахсларнинг ҳаракатлари туфайли юзага келганлигини товарнинг ташқи кўринишига қараб аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда, товарнинг сифати қўшимча равишда текширилиши жорий этилмоқда.

Истеъмолчига шахсан ёки ўз вакили орқали товарнинг сифатини қўшимча равишда текширишда иштирок этиш шунингдек, товарнинг сифатини ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда текширишни амалга ошириш ваколатлари берилмоқда.

Сенаторлар фикрича, қонун истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга ҳамда бозор иштирокчилари учун янада барқарор ва ишончли ҳуқуқий муҳит яратишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида  сенаторлар қонунни маъқуллаган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends