Энди давлат харидлари бўйича 3 йиллик режа олдиндан эълон қилинади
Local
−
13:28 723 2 minutes
Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан давлат харидлари бўйича уч йиллик режаларни олдиндан эълон қилиш бошланади. Бу тадбиркорларга талабни олдиндан билиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги ускуналар харид қилиш ва инвесторлар жалб этиш имконини беради. Бу ҳақда бугун, 9 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказаётган электротехника саноати вакиллари, соҳада фаолият юритаётган тадбиркор ва инвесторлар билан мулоқотда сўз борди.
Қайд этилишича, давлат харидлари доирасида мамлакатда ҳар йили 10 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари сотиб олинади
Илгари тадбиркорлар давлат корхоналарининг буюртмаларини тўрт-бешта алоҳида платформа орқали кузатишга мажбур эди. Эндиликда барча давлат буюртмалари битта платформада акс эттириладиган тизим жорий қилинди.
Бундан ташқари, 1 январдан давлат харидлари бўйича уч йиллик режаларни олдиндан эълон қилиш бошланади. Бу тадбиркорларга талабни олдиндан билиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги ускуналар харид қилиш ва инвесторлар жалб этиш имконини беради.
Давлат харидларида фақат энг арзон нархга қараб маҳсулот танлаш амалиёти қайта кўриб чиқилади. Чунки арзон импорт маҳсулотнинг кейинги эксплуатация харажатлари анча юқори бўлиши мумкин.
Масалан, назорат хариди доирасида ўрганилган иккита 40 киловаттли трансформатордан импорт маҳсулот маҳаллийсидан 400 минг сўм арзон бўлган. Аммо унинг электр энергиясининг сарфи 10 фоизга, фойдаланиш давридаги таъмирлаш харажати эса тўрт баробарга юқорилиги аниқланган.
Шу сабаб давлат харидларида маҳсулотнинг бутун хизмат муддати давомидаги харажатларни баҳолаш тизими – “life cost” ёндашуви жорий этилади. Бунда харид нархи билан бирга электр сарфи, таъмирлаш, сервис ва фойдаланиш харажатлари ҳам ҳисобга олинади.
Live
All