Қарийб 10 млрд сўмлик давлат харидларида қонунбузилишлар аниқланди

Crime

−

image

Ўзбекистонда қарийб 10 млрд сўмлик давлат харидларида рақобатни чеклаш билан боғлиқ қонунбузилишлар аниқланиб, буюртмачи ташкилотларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, қонунбузилишлар қўмитанинг ҳудудий органлари томонидан давлат харидлари соҳасида ўтказилган мониторинг ва келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган.

Хусусан, Андижон вилоятида Олтинкўл тумани ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасининг 300 млн сўмлик, Фарғона вилоятида “Фарғона туман йўллардан фойдаланиш” давлат муассасасининг 7 та, жами 2,5 млрд сўмдан ортиқ, Жиззах вилоятида Зарбдор тумани 2-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 2 та, жами 1,4 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузилишлар аниқланган.

Шунингдек, Наманган вилоятидаги Чуст туман тиббиёт бирлашмасининг қарийб 1,8 млрд сўмлик, Навоий вилоятидаги Хатирчи давлат ўрмон хўжалигининг 7 та, жами қарийб 1,7 млрд сўмлик давлат харидларида ҳам қоидабузарликлар қайд этилган.

Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида “Ўзйўлкўприк кластери” Самарқанд филиалининг 1,7 млрд сўмлик ҳамда “Озодлик” давлат муассасасининг 410 млн сўмлик давлат харидларида қонун талаблари бузилгани аниқланган.

Қўмита маълумотига кўра, энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларини ўрганиш жараёнида “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси (Савдоларда рақобатни чеклашга қарши талаблар) талабларига риоя этилмагани аниқланган. Хусусан, савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларга йўл қўйилган.

Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан қўмитанинг ҳудудий бошқармалари махсус комиссиялари томонидан буюртмачи ташкилотларга нисбатан ишлар қўзғатилган ва тегишли таъсир чоралари қўлланган.

Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш, айрим ҳолатларда молиявий жарима қўллаш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш учун материалларни тегишли органларга юбориш чоралари кўрилган. Келгусида шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ташкилотларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар ҳам берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ички йўналишлар бўйича авиачипталар нархи жорий йил 16 октябрдан бошлаб ўртача 20 фоизгача пасайтирилиши ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends