Эбола балоси: Конгода қурбонлар сони тарихий рекордни янгилади
World
−
13:39 669 2 minutes
Конго Демократик Республикасида тарқалган Эбола эпидемияси мамлакат тарихидаги энг ҳалокатли эпидемия сифатида қайд этилди. Касаллик оқибатида камида 2 325 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “The Guardian“ хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу кўрсаткич 2018-2020 йилларда КДРда кузатилган Эбола эпидемияси қурбонлари сонидан ҳам ошиб кетган. Мамлакат Жамоат саломатлиги институти маълумотига кўра, тасдиқланган касалланиш ҳолатлари сони 4 945 нафарга етган. Сўнгги бир сутка ичида яна 101 та янги ҳолат аниқланган.
Ҳозирга қадар мамлакатнинг 26 вилоятидан олтитасида касаллик қайд этилган. Ҳолатларнинг асосий қисми шимоли-шарқдаги Итури вилоятига тўғри келади. Эпидемия илк бор айнан шу ҳудудда аниқланган бўлиб, 3 400 дан ортиқ ҳолат қайд этилган.
Мутахассислар ушбу эпидемия Эбола вируси тарихидаги энг тез тарқалаётган ўчоқлардан бири эканини таъкидламоқда. Вазиятни мураккаблаштираётган омиллардан бири эса касалликнинг Бундибугио штамми билан боғлиқлиги ҳисобланади. Ҳозирча ушбу вирус турига қарши тасдиқланган вакцина ёки даволаш усули мавжуд эмас.
“Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти мутахассиси Томас Паришнинг айтишича, кўплаб беморлар касалликнинг кеч босқичида аниқланмоқда. Айрим ҳолларда эса беморлар фақат вафот этганидан кейин рўйхатга олинмоқда.
Маълумот учун, Эбола вируси одамларга ёввойи ҳайвонлардан юқиб, кейинчалик касалланган шахсларнинг қони ва бошқа биологик суюқликлари орқали тарқалади. Касаллик иситма, ҳолсизлик, мушак оғриғи, бош оғриғи, қусиш ва диарея каби аломатлар билан намоён бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Эбола вирусидан вафот этганлар сони 2 мингдан ошгани ҳақида хабар берилган эди. Ўша вақтда мамлакатда қайд этилган тасдиқланган ҳолатлар сони эса 4 мингдан кўпайганди.
Live
All