Дуров Тошкентдаги олимпиада ғолибларига $117 минглик соврин ваъда қилди
Local
−
19:22 1832 2 minutes
Бугун, 10 август куни Тошкентда Информатика бўйича халқаро олимпиада IOI-2026 бошланди. Бу ҳақда Павел Дуров ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
У олимпиада ғолибларига умумий қиймати камида 117 минг АҚШ доллари бўлган махсус рақамли совринлар топширилишини айтди.
IOI юқори синф ўқувчилари ўртасида дастурлаш бўйича дунёдаги энг нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланади. Бу йилги олимпиадада 97 давлатдан 386 нафар ўқувчи иштирок этмоқда.
Дуровнинг маълум қилишича, Telegram олимпиадада совриндор бўлган 235 нафар иштирокчига “Algorithm Cups” номли эксклюзив рақамли коллекцияларни тақдим этади. Уларнинг умумий қиймати камида 117 минг АҚШ долларига баҳоланган.
Совринлар медаллар даражасига қараб тақсимланади. 45 нафарга яқин олтин медаль соҳибларининг ҳар бири камида 1000 долларлик, 75 нафарга яқин кумуш медаль соҳибига камида 500 долларлик, 115 нафарга яқин бронза медаль соҳибига эса камида 300 долларлик “Algorithm Cups” рақамли коллекциялари берилади.
Telegram асосчиси ўз хабарида компания муҳандислик жамоасининг бир қатор аъзолари ҳам авваллари IOI медалларини қўлга киритганини қайд этган.
Олимпиаданинг Ўзбекистонда ўтказилаётгани ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Зеро, бу ҳудуд IX асрда яшаб ижод қилган буюк математик Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ватани ҳисобланади. “Алгоритм” атамаси ҳам унинг лотинча исми Algoritmi билан боғлиқ.
Мусобақа давомида иштирокчилар мураккаб дастурлаш ва алгоритмик масалаларни ечиш бўйича беллашади.
Live
All