Дурдона ва Сайёранинг қотилларига суд ҳукми ўқилди
Crime
−
18:33 1956 5 minutes
Истанбулда Ўзбекистон фуқаролари Дурдона Ҳакимова ва Сайёра Эргашалиевани ўлдиришда айбланган икки шахснинг ҳар бирига икки марта оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазоси тайинланди. Суд, шунингдек, уларни марҳумларнинг ўлимидан фойдаланиб, хонадонда ўғрилик қилгани учун ҳам жазолади. Бу ҳақда Туркиянинг маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Истанбулнинг Умрония туманида Ўзбекистон фуқаролари – 36 ёшли Дурдона Ҳакимова ва 32 ёшли Сайёра Эргашалиеванинг ўлими бўйича суд қарори чиқарилди. Жиноятда айбланган Ўзбекистон фуқаролари 31 ёшли Дилшод Турдимуротов ва 29 ёшли Ғофуржон Камолхўжаев ҳар бири “қасддан, ваҳшийлик ҳисси билан ёки қийноқ етказиб ўлдириш” жинояти бўйича икки мартадан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Бундан ташқари, суд ҳар икки айбланувчига “шахснинг ўлимидан фойдаланиб, хонадонда ўғрилик қилиш” жинояти учун ҳам икки мартадан 7 йил – жами 14 йиллик қамоқ жазоси тайинлади.
Камера тасвирлари гумондорларнинг изини очган
Ўзбекистондан 2025 йилнинг 28 декабрь куни Туркияга борган Сайёра Эргашалиевадан жорий йил 23 январдан бери хабар олинмагани ҳақида унинг оиласи маълум қилган. Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари текширув бошлаган.
Тергов давомида Сайёранинг Дурдона Ҳакимова ўлдирилган хонадонда яшагани аниқланган. Хавфсизлик камералари тасвирлари ўрганилганда, 23 январь куни Сайёра хонадонга кирганидан кейин Дилшод Турдимуротов ва Ғофуржон Камолхўжаев ҳам ушбу манзилга киргани маълум бўлган.
Камера тасвирларида 24 январь куни гумондорларнинг хонадондан бир неча марта қора чиқинди пакетлари билан чиққанлари кўринган. Кейинчалик улар манзилдан оқ рангли чемодан билан ҳам чиқиб кетган. Тергов маълумотларига кўра, гумондорлар тижорий таксида Фотиҳ туманига борган. Улар чемодандаги бўлакларни чиқинди контейнерига ташлагандан кейин пиёда ҳолда Еникапи Мармарай бекатига йўл олган.
Тергов доирасида Дурдона Ҳакимованинг қотилиги бўйича ҳибсда сақланаётган Дилшод Турдимуротов ва Ғофуржон Камолхўжаев билан ўтказилган суҳбатлар давомида Сайёра Эргашалиева ҳам 23 январь куни худди шу хонадонда ўткир кесувчи қурол билан ўлдирилгани маълум бўлган. Терговда Сайёранинг жасади бўлакларга бўлиниб, Истанбулнинг турли туманларидаги чиқинди контейнерларига ташлангани ҳам аниқланган.
Иш бўйича Анадолу 17-Оғир жиноятлар судида ўтказилган навбатдаги мажлисда ҳибсдаги айбланувчилар Дилшод Турдимуротов ва Ғофуржон Камолхўжаев, уларнинг адвокатлари ҳамда Оила ва ижтимоий хизматлар вазирлиги адвокати иштирок этган.
“Сайёрани ёлғиз ўзим ўлдирдим”
Ҳибсдаги Ғофуржон Камолхўжаев суддаги ҳимоя нутқида Сайёра унинг диний никоҳдаги рафиқаси бўлганини айтган. У Дурдонани танимаслигини, Дилшод эса унинг дўсти эканини билдирган. Камолхўжаев Сайёрани хиёнат қилгани учун “номус сабабли” ўлдирганини ва жиноятни ёлғиз ўзи содир этганини айтган.
“Унинг оиласи бу ерда бўлгани учун тафсилотларни айтишни истамайман. Бошқа айбланувчи Дилшод менга ёрдам бермаган. Бир кундан кейин бошқа марҳума Дурдона мен яшайдиган уйга келди. Дурдона билан Дилшоднинг муносабатлари яхши эмас эди, уларни яраштирмоқчи бўлдим”, деган у.
Камолхўжаев Сайёранинг телефонидан Дурдонага ўзи хабар ёзмаганини ва бу ҳақда маълумоти йўқлигини айтган. У, шунингдек, Дурдонанинг қандай ўлдирилганини билмаслигини билдириб, Сайёра ўлдирилганидан кейин унинг жасади хонадонда қолганини билдирган.
“Қонли кўрпа ва кийимларни пакетларга солиб, олиб чиқдим. Жасадни бўлакларга бўлмадим. Дурдонани мен ўлдирмадим, унинг жасадини ҳам бўлакларга бўлмадим. Дилшод мендан ёрдам сўради, у билан бирга чемоданни туширдим. Чемодан ичида нима борлигини билмасдим. Сайёрани ўлдирган кечам Дилшод уйда йўқ эди. Сайёрани ёлғиз ўзим ўлдирдим, менга ҳеч ким ёрдам бермади”, деган Камолхўжаев.
“Энг оғир жазога лойиқман”
Иккинчи айбланувчи Дилшод Турдимуротов эса судда фақат Дурдонани “номус масаласи” сабабли ўлдирганини тан олган.
“Мен фақат Дурдонани номус масаласи сабабли ўлдирганимни тан оламан. Бошқа ҳеч нарсани тан олмайман. Ақлим жойида бўлмагани учун жасадни бўлакларга бўлдим. Қилган ишимни оқлаб бўлмайди, пушаймонман. Энг оғир жазога лойиқман. Чин дилдан пушаймонман, қани эди бундай қилмаганимда”, деган Турдимуротов.
Марҳуманинг диний никоҳдаги эри ва суд ҳукми
Судда даъвогар сифатида кўрсатма берган Эрҳан Дурсун Дурдона Ҳакимованинг 7 йилдан бери диний никоҳдаги эри бўлганини айтган. Шу билан бирга, у марҳуманинг бошқа шахс билан расмий никоҳда бўлганини билдирган. Шундан сўнг суд раиси унга мурожаат қилиб, марҳума билан расмий никоҳдан ўтмаган бўлса, уни даъвогар сифатида тинглаш мумкин эмаслигини айтган.
“Марҳума билан расмий никоҳинг бўлмаса, қандай қилиб сен диний никоҳда бўлгансан? Ҳеч бўлмаса динни бундай ишларга аралаштирманглар», деган суд раиси.
Суд мажлисида давлат айбловчиси ўзининг якуний фикрини баён қилган. Прокурор ҳар икки айбланувчига “шахснинг ўлимидан фойдаланиб, хонадонда ўғрилик қилиш” жинояти бўйича икки мартадан 7 йиллик қамоқ жазоси беришни сўраган. Шунингдек, уларни “қасддан, ваҳшийлик ҳисси билан ёки қийноқ етказиб ўлдириш” жинояти бўйича икки мартадан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни талаб қилган.
Суд ҳайъати қарорини эълон қилиб, Дилшод Турдимуротов ва Ғофуржон Камолхўжаевнинг ҳар бирини “қасддан, ваҳшийлик ҳисси билан ёки қийноқ етказиб ўлдириш” жинояти бўйича икки мартадан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бундан ташқари, ҳар иккисига “шахснинг ўлимидан фойдаланиб, хонадонда ўғрилик қилиш” жинояти бўйича ҳам икки мартадан 7 йил, жами 14 йил қамоқ жазоси берилди.
Айблов хулосасида нима дейилган?
Анадолу Республика Бош прокуратураси томонидан тайёрланган айблов хулосасида айбланувчилар воқеа куни ҳаракатларни биргаликда ва келишган ҳолда амалга оширгани қайд этилган.
Ҳужжатда айтилишича, айбланувчилар дастлаб Сайёра Эргашалиевани пичоқ билан ўлдирган. Шундан сўнг унинг боши, оёқлари ва қўлларини танасидан ажратиб, чиқинди пакетларига солган ва воқеа жойига яқин чиқинди контейнерларига ташлаган. Жасаднинг асосий қисми эса Фотиҳ туманидаги масжид яқинида жойлашган чиқинди қутисига ташланган.
Шундан кейин айбланувчилар яна худди шу хонадонга қайтиб, Дурдона Ҳакимовани пичоқ билан ўлдиргани айтилган. Айблов хулосасига кўра, Дурдонанинг жасади ҳам бўлакларга бўлинган ва чиқинди пакетлари ҳамда чемоданга солиниб, чиқинди контейнерига ташланган. Ҳужжатда айбланувчилар жиноятни биргаликда содир этгани таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ суд якунида прокурорлар томонидан ҳибсга олинган гумонланувчилар 31 яшар Дилшод Турдимуротов ва 29 яшар Ғофуржон Камолхўжаевга нисбатан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазоси сўралгани хабар қилинганди.
Live
AllToshkentda vertikal “parkovka”lar o'rnatilmoqda
11 September