Дунёдаги энг машҳур пароль маълум бўлди
Interesting
−
17:17 424 2 minutes
Дунёда энг кўп қўлланиладиган пароль еттинчи бор “123456” бўлди. Шунингдек, “admin” ва “12345678” ҳам энг кўп тарқалган пароллар қаторида қолмоқда. Бу ҳақда NordPass компаниясининг 2026 йилги тадқиқотида маълум қилинди.
Тадқиқот NordPass ва NordLayer Intelligence томонидан киберхавфсизлик соҳасидаги мустақил мутахассислар билан ҳамкорликда ўтказилган. Унда 2025 йил сентябридан 2026 йил сентябригача бўлган даврда очиқ маълумотлар сизиб чиқиши ҳолатлари ва даркнетда тарқалган пароллар таҳлил қилинган. Тадқиқот 44 та мамлакатдаги пароль тенденцияларини қамраб олган.
Ҳисоботга кўра, “123456” кетма-кет саккиз йиллик тадқиқотларнинг етти нафарида энг кўп ишлатилган пароль сифатида биринчи ўринни эгаллаган. Жорий йилги рейтингда ҳам биринчи учлик ўзгармаган: “123456” биринчи, “admin‘” иккинчи, “12345678” эса учинчи ўриндан жой олган. “password” пароли еттинчи ўринга тушган, “1234” эса кучли бешликка кирган.
Тадқиқотчилар паролларни танлашда оммавий маданият ҳам таъсир кўрсатишини аниқлаган. Хусусан, спортчилар, мусиқачилар, видео ўйинлар, аниме ва ижтимоий тармоқлар номлари паролларда кўп учрайди. Масалан, “Lebron0319”, “Savage20”, “roblox.com1” ва “kibiditoilet” каби комбинациялар қайд этилган.
Шунингдек, COVID-19 пандемияси ҳам пароллар танловига таъсир кўрсатган. “Covid\@19”, “Covid-19” ва “corona2020” каби комбинациялар кенг тарқалган. Тадқиқотда 2020 йил февраль ва октябрь ойлари оралиғида фойдаланувчилардаги пароллар сони ўртача 25 фоизга ошгани ҳам қайд этилган.
NordPass мутахассислари фойдаланувчиларга камида 15 белгидан иборат, катта ва кичик ҳарфлар, рақамлар ҳамда махсус белгиларни ўз ичига олган мураккаб пароллардан фойдаланишни тавсия қилган. Шунингдек, ҳар бир аккаунт учун алоҳида пароль белгилаш, кўп босқичли аутентификацияни ёқиш ва паролларни мунтазам янгилаб бориш кераклиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кембриж луғати 2026 йилнинг энг асосий сўзини эълон қилганди. Ушбу мақомга “human” (“инсон”) сўзи лойиқ кўрилган. Бу сунъий интеллект ривожланиб бораётган бир пайтда инсоний фазилатларга бўлган қизиқиш ортиб бораётганини акс эттиради.
Live
All