Дунёда миллионлаб одамлар кўчишга мажбур бўлиши мумкин
Interesting
−
18:23 2591 3 minutes
Агар аср охирига бориб денгиз сатҳи ярим метрга кўтарилса, 150 миллиондан 300 миллионгача одам ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлиши мумкин. Бу ҳақда БМТ хабар берди.
БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарининг иқлим ўзгаришига қарши кураш масалалари бўйича махсус маслаҳатчиси Эндрю Харпернинг сўзларига кўра, яна 500 миллионга яқин одам чучук сув ва қишлоқ хўжалиги ерларидан маҳрум бўлиш хавфига дуч келиши мумкин.
“Дунё океани сатҳининг кўтарилиши эндиликда олисдаги таҳдид эмас – у ҳозирданоқ содир бўлмоқда ва тезлашишда давом этмоқда. Унинг оқибатлари бутун дунёга таъсир кўрсатаётган бўлса-да, у билан боғлиқ хавфлар тенг тақсимланмаган: баъзи Тинч океани мамлакатларида глобал чиқиндиларга қўшган ҳиссаси минимал бўлишига қарамай, денгиз сатҳи дунёдаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар тезроқ кўтарилмоқда. Масалан, Бангладешда денгизнинг бостириб кириши тупроқ ва чучук сув манбаларининг шўрланишига олиб келмоқда, бу эса қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Ушбу оқибатларга қарши туриш имконияти кўп жиҳатдан одамлар ва давлатлар эга бўлган ресурсларга боғлиқ”, дейилади хабарда.
Энг заиф ҳудудларни ҳимоя қилиш чоралари қаторида эксперт мангр ўрмонларини кўпайтириш, қирғоқларни ҳимоя қилиш ва дренаж тизимларини, шунингдек, барвақт огоҳлантириш ва офатларга тайёргарликни тилга олган. Харпер, шунингдек, сув босиш хавфи остидаги ҳудудларни кейинчалик ўзлаштириш ва аҳоли жойлаштиришга йўл қўймасликка чақирган.
Денгиз сатҳининг кўтарилиши сув тошқинлари, сув ва тупроқнинг шўрланиши, ҳосилнинг йўқолиши ва бошқа ижтимоий ва иқтисодий омиллар билан уйғунлашиб кетади. Шу сабабли одамларнинг кўчиб кетиш қарорида унинг ролини аниқ белгилаш ва бўлажак кўчиш кўламини баҳолаш жуда мураккаб.
Харпернинг айтишича, аввалги жойда қолиш имкониятлари тугаган вазиятда одамларнинг кўпчилиги ўз мамлакатларини тарк этмайди, балки қирғоқбўйи ва қишлоқ ҳудудларидан уй-жой, иш ва зарур хизматлардан фойдаланиш умидида шаҳарларга йўл олади. Аҳолининг бундай оқими, ўз навбатида, қабул қилувчи жамоаларнинг инфратузилмаси ва ресурсларига қўшимча юк яратади.
Бугунги кунда халқаро ҳуқуқ “иқлим қочқини” алоҳида мақомини тан олмайди: қурғоқчилик, сув тошқини ёки денгиз сатҳининг кўтарилиши сабабли кўчишнинг ўзи қочқин мақомини олиш учун асос бўла олмайди.
Шу билан бирга, экспертнинг сўзларига кўра, халқаро ҳуқуқ бошқа йўналишда – денгиз сатҳининг кўтарилиши таҳдид солаётган давлатларни сақлаб қолиш масаласида секин-аста ривожланмоқда. Шаклланаётган ёндашувга кўра, хавф зонасидаги мамлакатлар, ҳатто уларнинг ҳудуди яшаш учун яроқсиз бўлиб қолган тақдирда ҳам, суверенитетни, халқаро-ҳуқуқий мақомни ва денгиз зоналарига бўлган ҳуқуқларни сақлаб қолишлари керак. Бундай ҳуқуқий ҳимоя кўчирилган аҳолига фуқароликни ва у билан боғлиқ ҳуқуқларни сақлаб қолиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бутун дунёда йирик миқёсли уруш келиб чиқиш эҳтимоли бўйича хавотирлар кескин ортгани, охирги икки йил ичида экспертларнинг қарашларида у нисбатан узоқдаги таҳдиддан энг ўткир глобал хавфлардан бирига айлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All