Дубайдаги уй, бировнинг номидаги машина ва тагига олган бизнес – “Imarat” машмашаси
Review
−
06 November 1484 5 minutes
Космик кемалар коинотни забт этаётган бир пайтда, Ўзбекистонда бир ҳафтадан буён “Imarat Development” атрофидаги можаро муҳокамалар марказида турибди. Ҳали тергов жараёнлари якунланмаган, суд муҳокамалари бошланмаган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда жамоатчилик икки қарама-қарши фикрга бўлиниб улгурди. Кимдир Марат Хамдамовни халқни алдашда айблаётган бўлса, бошқалар унга ва турмуш ўртоғи Шаҳзода Муҳаммедовага ишонч билдирмоқда.
Воқеалар тобора жиддий тус олаётган бир пайтда Шаҳзода Муҳаммедова ижтимоий тармоқда видеомурожаат билан чиқиш қилди. “Ҳақиқат қарор топади. Мен Ўзбекистонда адолат борлигига ишонаман”, деган сўзлар билан бошланган мурожаатда у “Imarat Development” фаолияти билан боғлиқ ўз қарашларини баён қилди.
Актрисанинг таъкидлашича, Жасур Азизов унинг ва турмуш ўртоғи Марат Хамдамовнинг обрўси ҳамда юзидан фойдаланган ҳолда, ўзининг молиячиси Ҳилола ва жамоаси билан биргаликда ҳаракат қилган. Унинг айтишича, Шаҳзода Муҳаммедова компаниянинг амбассадори бўлган, Марат Хамдамов эса инвестор сифатида фаолият юритиш билан бирга, сотув офисини ҳам бошқарган.
Муҳаммедова, шунингдек, ҳозирда фойдаланаётган автомобили ва Дубайдан олинган уй ҳам унинг ёки турмуш ўртоғининг номида эмас, балки Жасур Азизов номида расмийлаштирилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи унга воқеаларга оид барча далил ва ҳужжатларни қолдирган. Муҳаммедова Жасур Азизов молиячи Ҳилола ва бошқа ҳамкорлари билан биргаликда компания ҳисобларига келиб тушган маблағларни ўз қариндошларининг ҳисоб рақамларига ўтказиб келганини даъво қилди. Шунингдек, юзага келган вазиятдан оддий харидорлар қанчалик зарар кўрган бўлса, уларнинг оиласи ҳам шунчалик жабр кўрганини таъкидлади.
Актриса Марат Хамдамов ва унинг ўзи компания маблағларини ўзлаштириб, хорижга чиқиб кетиш ниятида бўлгани ҳақидаги гапларни ҳам рад этди. Унинг фикрича, агар шундай мақсад бўлганида, улар аллақачон чет элда бўлишган бўларди. Шу ўринда Муҳаммедова Жасур Азизовнинг Дубайдан Германияга учиб кетаётган вақтида Интерпол орқали Ўзбекистонга олиб келинганига ҳам эътибор қаратди.
Муҳаммедованинг яна бир даъвосига кўра, Жасур Азизов бир неча бор Марат Хамдамовга компания номини ўзгартириш ва шу орқали давлатдан кредит олиш таклифини билдирган. Актриса бу ҳақдаги суҳбатлар ёзиб олинган аудиоёзувлар ҳам мавжудлигини айтди.
Унинг таъкидлашича, компания номи ўзгарганидан кейин харидорларда саволлар пайдо бўлса, уларга Марат Хамдамов оддий ходим бўлгани, энди эса компанияни янги раҳбарият бошқараётгани ва янги инвестор жалб қилиниб, уйлар қуриб топширилиши ҳақида тушунтириш бериш режалаштирилган.
Шаҳзода Муҳаммедова Жасур Азизовнинг аввалданоқ Марат Хамдамовни бизнесдан четлаштириш ва уни жиноий жавобгарликка тортиш нияти бўлганини ҳам иддао қилди. Унинг айтишича, компания раҳбариятига бошқа шахсларни олиб келиш, янги инвестор жалб қилинганини билдириш ва Хамдамовнинг ўзлаштирилган маблағларини улар қоплаётганини айтиш орқали харидорларни ишонтиришга ҳаракат қилинган.
Муҳаммедова Марат Хамдамов тегишли идораларга мурожаат қилмоқчи бўлганида, Жасур Азизов уни бу фикридан қайтарганини ҳам билдирди. Актрисанинг айтишича, Азизов турмуш ўртоғига барча шериклар биргаликда жавобгарликка тортилиши мумкинлигини айтган ва унга ҳам бу ҳақда гапирмасликни тавсия қилган. Муҳаммедова шу сабабли ҳозиргача сукут сақлаб келганини таъкидлади.
Аудиоёзувларда нималар акс этган?
Шаҳзода Муҳаммедова биринчи видеомурожаатини эълон қилганидан бир неча соат ўтиб, унинг иккинчи қисмини ҳам жойлаштирди. Унда асосан Жасур Азизов ва Марат Хамдамов ўртасидаги суҳбатлардан олинган аудиоёзувлар ўрин олган.
Аудиоёзувлардан бирида Жасур Азизов уйлар қурилмай қолган тақдирда, энг катта жавобгарлик унинг зиммасига тушишини айтади. Бунга сабаб сифатида барча ҳужжатларда компаниянинг ўз номи турганини келтиради. Шунингдек, у юзага келган вазиятдан чарчаганини ва кимдир лойиҳани сотиб олиш истагини билдирса, уни ҳеч иккиланмасдан сотишга тайёрлигини айтади.
Марат Хамдамовнинг аудиоёзувдаги гапларидан эса унинг компаниянинг ҳар бир лойиҳасида улуши борлиги ва бу лойиҳалар учун шахсан жавобгарликни ҳис қилиши англашилади. У ўз номига алоқадор компаниялар орқали қўшимча кредитлар олинишига рози эмаслигини қатъий билдирган.
Хамдамовнинг таъкидлашича, фуқаролардан уй-жой қурилиши учун етарлича маблағ йиғилган ва энди айнан шу маблағлар ҳисобидан қурилиш ишлари давом эттирилиши керак. У халқ уни танишини, ҳар бир лойиҳа учун шахсан жавобгарликни ўз зиммасига олганини ҳам қайд этган.
Марат Хамдамовнинг ушбу фикрларига жавобан Жасур Азизов ҳам лойиҳа учун фақат Хамдамов эмас, балки унинг ўзи ҳам жавобгар эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, компанияга тегишли ҳужжатларнинг барчасида ўз номи тургани сабабли, вазият юзасидан юқори турувчи идораларга ҳам ҳисобот берган.
Азизов уйлар қурилмай қолса ва фуқаролар тегишли идораларга шикоят билан мурожаат қилса, биринчи навбатда унинг ўзи жавоб беришга чақирилишини таъкидлаган. Шунингдек, у Хамдамовга турли фитналар ва ўзини жабрдийда қилиб кўрсатишга ҳожат йўқлигини айтган. Унинг фикрича, Марат Хамдамовни жамоатчилик таниши мумкин, бироқ расмий ҳужжатларда унинг номи тургани учун асосий жавобгарлик Жасур Азизов зиммасида.
Хулоса қилиб айтганда, “Imarat Development” атрофидаги можаро кундан-кунга янги тафсилотлар билан бойиб бормоқда. Томонларнинг бир-бирига нисбатан билдирган даъволари, эълон қилинган аудиоёзувлар ва видеомурожаатлар жамоатчиликда турли саволларни келтириб чиқармоқда.
Бироқ ҳозирча тергов жараёнлари давом этмоқда, суд муҳокамалари эса бошлангани йўқ. Шу боис, томонлар билдирган фикрлар ва илгари сураётган даъволарни тасдиқланган факт сифатида қабул қилишга шошилмаслик керак. Воқеаларга ҳуқуқий баҳо берилиши ва айбдорлар аниқланиши учун тергов ҳамда суд жараёнларининг якунланишини кутиш лозим.
Live
All