“Дада, мени ўлдирманг”. Ота фарзандлари ва хотинини отиб, сўнг ўзини ўлдирди

World

−

image

АҚШнинг Флорида штатида эркак уч нафар фарзанди ҳамда хотинини отиб ўлдириб, кейин ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа кеча, 19 ноябрь куни Флорида штатининг Плант-Сити шаҳрида юз берган. Ҳилсборо округи шерифи идорасининг маълумотига кўра, соат 15:29 атрофида 911 фавқулодда хизматига қўнғироқ келиб тушган. Телефон алоқаси узилмагани сабабли оператор уй ичидаги суҳбатларни эшитган. Эркакнинг “Кечир, дўстим” деган гапидан сўнг ўқ овози янграган. Шундан кейин кичкинтой боланинг отасидан уни ўлдирмасликни сўраб ёлворгани эшитилган.

Ҳилсборо округи шерифи Чад Кронистернинг айтишича, бола: “Дада, илтимос, менга қарата ўқ узманг. Дада, илтимос, мени ўлдирманг”, деб уч-тўрт марта такрорлаган. Шундан сўнг яна бир ўқ овози эшитилган. Ҳозирча 911 хизматига айнан ким қўнғироқ қилгани аниқланмаган.

Қўнғироқдан тахминан 10 дақиқа ўтиб воқеа жойига етиб келган полициячилар дастлаб уй ичида қимирламай ётган болани кўрган. Эшикни бузиб кирган ходимлар бир, уч ва беш ёшли 3 нафар бола, уларнинг онаси ва отаси ҳалок бўлганини аниқлаган.

Шериф Кронистернинг маълум қилишича, дастлабки тергов натижаларига кўра, ота аввал уч нафар фарзандини, кейин хотинини отиб ўлдирган ва охирида ўз жонига қасд қилган.
Аниқланишича, оила ушбу ҳудудга тахминан бир йил аввал кўчиб келган. Шу вақт давомида уларнинг уйидан полицияга бирор марта мурожаат ёки шикоят келиб тушмаган.

Воқеа жойида журналистларга баёнот берган шериф Кронистер ҳодисани “соф ёвузлик” деб атаган. Унинг айтишича, кичик ёшдаги болаларнинг ўлими полиция ходимлари ва бошқа масъулларни ҳам қаттиқ ларзага солган. 911 қўнғироғига жавоб берган оператор ҳамда уйга кирган полициячиларга психологик ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳозирда полиция 5 кишининг ўлими билан якунланган ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича тергов олиб бормоқда. Оила аъзоларининг шахси ҳозирча ошкор этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Американинг Пенсильвания штатида 45 ёшли эркак ўз уйида 8 кишини, жумладан, ҳомиладор аёл ва болаларни отиб ўлдиргач, ўз жонига қасд қилган эди.


Tags

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends