Сўконғич Ёшлар ишлари бўлими раҳбари ишдан олинди
Crime
−
19:42 3332 2 minutes
Аввалроқ, Нурафшон шаҳар Ёшлар ишлари бўлими раҳбари Миркарим Аҳмаджоновнинг маҳалла ёшлар етакчиларига нисбатан қўпол ва ҳақоратомуз муносабатда бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ёшлар ишлари бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу аудиоёзув бўйича Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ва Нурафшон шаҳар ҳокимлиги томонидан хизмат текшируви ўтказилган. Ўрганиш жараёнида ижтимоий тармоқларда акс этган ҳолатлар ўз тасдиғини топган.
Аниқланишича, жорий йил 18 август куни Миркарим Аҳмаджонов маҳалла ёшлар етакчилари иштирокида ўтказилган йиғилиш давомида хизмат одоби ва касбий этика талабларини қўпол равишда бузиб, кескин ҳамда ҳақоратомуз муносабатда бўлган.
Шунингдек, хизмат текшируви давомида Миркарим Аҳмаджоновнинг иш фаолиятида ҳам қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Миркарим Аҳмаджонов билан суҳбат ўтказилиб, унга аниқланган камчиликлар ва уларнинг салбий оқибатлари тушунтирилиб ўтилган. Суҳбат давомида у қилган қўпол хатти-ҳаракатларини тан олган ҳолда, ўзи билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишини билдирган.
Натижада Миркарим Аҳмаджонов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Иш фаолиятидаги аниқланган камчиликлар юзасидан текширувлар давом этаётган бўлиб, натижалари юзасидан тегишли чоралар кўрилиши таъминланади.
“Мазкур тизимда фаолият юритаётган барча раҳбар ва ходимлардан хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш, меҳнат жамоасида соғлом муҳитни таъминлаш, ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, шунингдек, хизмат одоби ва касбий этика талабларига қатъий риоя этиш талаб этилади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, мазкур тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳолатлар кузатилса, бу ҳақда белгиланган тартибда юқори турувчи раҳбарларга мурожаат қилишингиз мумкин”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаровга фермерни ҳақорат қилгани учун ҳайфсан интизомий жазоси берилганди.