Чиқинди полигони одамларни босиб қолди. 30 киши ҳалок бўлди
World
−
19:08 2295 2 minutes
Гвинея пойтахти Конакри шаҳрида кучли ёмғирлар оқибатида чиқинди полигонида кўчки содир бўлиб, камида 30 киши ҳалок бўлди, яна 22 киши турли даражада жароҳатланган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, фожиа кеча, 23 август куни тахминан соат 05:00 да Конакрининг Гбессия коммунасида содир бўлган. Тунда ёғган кучли ёмғирлар оқибатида полигонда тўпланган улкан чиқинди уюми ўпирилиб, унинг яқинидаги чодир ва вақтинчалик қурилмаларни босиб қолган.
Маълумотларга кўра, кўчки оқибатида 6 киши оғир, яна 16 киши енгил жароҳат олган. Ҳодиса жойида қутқарувчилар махсус техника ва экскаваторлар ёрдамида вайроналар орасидан тирик қолганлар ва жабрланганларни излаган.
Гувоҳларнинг айтишича, ўпирилган чиқинди ҳажми шу қадар катта бўлганки, у яқинидаги кўп қаватли бинолар ва бошқа вақтинчалик иншоотларни ҳам кўмиб юборган. Фожиа жойида журналистларга интервью берган Сире Диалло исмли аёл эса беш нафар фарзандининг барчасидан айрилганини айтган.
Қайд этилишича, мазкур полигон хавфсиз эмаслиги ҳақида ҳукумат аввалдан хабардор бўлган. Мамлакат ҳудудий бошқарув вазири Дьенаб Туре жорий йилнинг 20 август куни полигон фаолияти тўхтатилишини ва ундаги чиқиндилар Конакридан ташқари ҳудудга кўчирилишини маълум қилган.
Гвинеяда ёмғир мавсуми даврида кўчки ва кучли сел оқимлари хавфи ортиб, айниқса инфратузилмаси етарлича ривожланмаган шаҳарларда бундай ҳодисалар жиддий оқибатларга олиб келмоқда.
Гвинея Бош вазири Амаду Ури Баҳ 23 август куни воқеа жойига бориб, етказилган зарарни кўздан кечирган ва қутқарув ишларини назорат қилган. Ҳукумат аҳолини хотиржамликни сақлаш, бирдам бўлиш ҳамда қутқарув хизматлари ва масъул идоралар кўрсатмаларига қатъий амал қилишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг шимоли-шарқидаги Сикким штатида қурилаётган туннелда газ портлаб, унинг бир қисми қулаши оқибатида 12 киши ҳалок бўлган эди.
Live
All