ChatGPT билан ўғлини ўлдиришни муҳокама қилган ота ушланди
World
−
16:11 2256 2 minutes
АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Бразилия полициясини маҳаллий аҳоли вакилининг 14 ёшли ўғлининг ҳаётига суиқасд қилиш режаси ҳақида огоҳлантирди. Эркак ўз жиноий режаларини ChatGPT чат-боти билан ўртоқлашган. Бу ҳақда “G1” нашри хабар берди.
Эспириту-Санту штати полицияси маълумотларига кўра, Эунаполис шаҳрида яшовчи 43 ёшли эркак бир неча ой давомида алимент тўлашни хоҳламаган ва фарзандини йўқ қилиш бўйича ўз режаси тафсилотларини сунъий интеллект билан муҳокама қилган. Чат-бот билан ёзишмаларда у режалаштирган ҳаракатларини батафсил тасвирлаб берган ва уларни амалга ошириш бўйича сунъий интеллектдан маслаҳатлар сўраган.
ChatGPT тизими хавотирли хабарларни қайд этган ва маълумотни ФҚБга узатган, у эса ўз навбатида Бразилия расмийлари билан боғланган. Тергов америкалик агентлар ўсмирнинг ҳаётига эҳтимолий таҳдид ҳақида хабар берганидан кейин бошланган.
Бразилия полицияси эркак ҳақиқатан ҳам ўйлаган ниятини амалга оширмоқчи бўлганини аниқлаган ва гумонланувчининг яшаш жойида тинтув ўтказган. У жиноий ниятини амалга оширишга улгурмагани сабабли ҳибсга олинмаган, аммо тергов давом этмоқда.
Полиция бу Бразилияда сунъий интеллект оғир жиноятнинг олдини олишга ёрдам берган биринчи шундай ҳолат эканини қайд этган. Мамлакат расмийлари вазиятни кузатишда давом этишларини ва ҳозирда хавфсизликда бўлган болани ҳимоя қилиш чораларини кўришларини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австралияда сунъий интеллект спорт залидаги онлайн брон қилиш тизимидаги заифликдан фойдаланиб, ўз эгасига машғулот учун жой олгани ҳақида хабар берилган эди. Бунинг учун СИ навбатдаги бошқа мижознинг бронини бекор қилган.
Live
All