Бош суяги ичида яширин янги “аъзо” аниқланди
Interesting
−
20 August 7332 2 minutes
Сент-Луисдаги Вашингтон университети Тиббиёт мактаби биологлари сичқонларнинг бош суяги ичида илгари маълум бўлмаган иммун тузилмаларини топди. Тадқиқотчиларнинг тахмин қилишича, бундай “аъзо” инсонда ҳам мавжуд бўлиши ва иммунитет тизимига бош мия ўсимталарини аниқлаш ҳамда уларга ҳужум қилишга ёрдам бериши мумкин. Бу ҳақдаги тадқиқот натижалари “Nature” журналида эълон қилинди.
Қайд этилишича, олимлар сичқонлар бош суягининг илигида ажойиб тузилмаларни пайқаб қолган. Улар иммун B-ҳужайралари “таълим оладиган” ва муайян хавф-хатарларга қарши ҳимоя ишлаб чиқаришни бошлайдиган лимфа тизимининг ҳудудларига ўхшаш бўлиб чиққан.
Ушбу кашфиёт айни шу илмий гуруҳнинг аввалги тадқиқотлари шарофати билан амалга ошган. Олдинроқ улар мия тўқималаридан қаттиқ мия пардаси орқали бевосита бош суягига ўтадиган кичик каналларни топган. Янги тадқиқотда флуоресцент маркерлар ёрдамида улар молекулаларнинг ушбу каналлар бўйлаб ҳаракатини кузатиб боришди ва миянинг суяк илигидаги иммун тузилмалари билан боғлиқлигини аниқлаган.
Тадқиқотчилар аниқланган бу тузилмаларни “локаллашган лимфоид тузилмалар” деб атаган. Уларнинг жойлашуви жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин: иммун ҳужайралари бевосита миянинг ёнида жойлашган ва унда содир бўлаётган патологик жараёнларга тезкорлик билан муносабат билдиришга қодир.
Тузилмаларнинг ролини текшириб кўриш учун олимлар глиома (бош миянинг хавфли ўсимтаси) билан касалланган сичқонларда тажриба ўтказган. Аниқланган иммун тузилмаларининг фаоллиги бостирилганда, ўсимталар тезроқ ривожланган ва ҳайвонларнинг умр кўриш давомийлиги қисқарган. Аксинча, ушбу тузилмаларни учта иммунофаол оқсил ёрдамида рағбатлантириш ўсимтага қарши жавобни кучайтирган ва сичқонларнинг яшовчанлигини оширган.
Ҳозирча олимлар худди шундай тизим инсонда ҳам мавжуд деб аниқ айта олгани йўқ. Бироқ аввалроқ одам бош суягининг илигида фолликуляр T-ҳужайралар аниқланган, бу эса шунга ўхшаш иммун тузилмаларининг мавжудлигига ишора қилиши мумкин. Агар бу механизмнинг одамларда борлиги тасдиқланса, ушбу кашфиёт тўқималарга бевосита аралашмасдан мия касалликларини даволашда янги ёндашувга олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ доимий молиявий қийинчиликлар 53 ёшга бориб фикрлаш тезлигининг пасайишига ва хотира сусайишига олиб келиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
All