Боливияда ҳарбий база яқинидаги портлашда 10 киши ҳалок бўлди

World

image

Боливиянинг Вьяча муниципалитетидаги ҳарбий казарма ҳудудида юз берган кучли портлаш оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди, яна ўнлаб одам жароҳатланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Портлаш кеча, 4 сентябрь куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 14:30 да, Ла-Пасдан 30 километр узоқликда жойлашган Вьячада содир бўлган.

Маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, портлаш Мудофаа вазирлигига тегишли пиротехника воситалари сақланадиган ҳудудда юз берган. Ҳодисанинг аниқ сабаби ҳозирча маълум эмас.

Вьяча соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Рита Небраска маҳаллий телеканалга камида 10–15 киши ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг маълум қилишича, 62 киши жароҳатланган, улардан 14 нафари Ла-Пасдаги шифохоналарга олиб кетилган.

Жароҳатланганлар орасида танасининг учинчи даражали куйишига дучор бўлган қиз ҳам бор.

Полиция маълумотига кўра, портлаш оқибатида 50 дан ортиқ киши жароҳатланган, атрофдаги ўнлаб уйларга ҳам зарар етган. Асосан портлаш тўлқини сабабли биноларнинг ойна ва деразалари синган.

Ҳодиса жойига тез ёрдам машиналари, тиббий гуруҳлар ва полиция ходимлари юборилган. Улар жабрланганларни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш ва зарар кўрган жойларни текшириш ишларини олиб бормоқда.

Қутқарув хизматлари портлаш жойида ҳали ҳам юқори ҳарорат манбаи сақланиб қолаётганидан огоҳлантирди. Бу яна бир портлаш хавфини юзага келтириши мумкинлиги сабабли аҳолига ҳодиса жойидан камида 150 метр узоқликда бўлиш тавсия қилинган.

Расмийлар портлаш сабабларини аниқлаш бўйича текширув бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Боливия Президенти Родриго Пас мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари фонида фавқулодда ҳолат режимини эълон қилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends