БМТнинг салоҳияти ҳали тўлиқ очилмаган – Путин

World

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) салоҳияти ҳали тўлиқ очилмаган. Бу ҳақда бугун, 1 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Бишкекда бўлиб ўтган “ШҲТ плюс” саммитида сўз очди.

Россия Президентининг сўзларига кўра, БМТ давлатлар ўртасидаги мулоқот, дипломатия ва ҳамкорлик учун ноёб майдон бўлиб қолмоқда. Унинг қўшимча қилишича, ташкилот турли мамлакатлар манфаатларини мувофиқлаштириш механизми сифатида яратилган ва бу функцияни сақлаб қолиши керак.

“БМТнинг салоҳияти ҳали тўлиқ очилмагандек туюлади. Унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, жумладан Хавфсизлик кенгашининг вакиллигини Глобал Жануб ва Шарқ мамлакатлари ҳисобига кенгайтириш учун ҳаракат қилиш муҳимдир”, дейди Путин.

Россия раҳбари БМТ ишини жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги ўзгаришларга мослаштиришга чақирган. Шу билан бирга, у бугунги кунда давлатлар манфаатларини мувофиқлаштирувчи бошқа универсал механизм мавжуд эмаслигини қайд этган.

“Бутунжаҳон ташкилоти, шубҳасиз, манфаатларни мувофиқлаштирувчи асосий механизм функциясини ўз сақлаб қолиши керак. У энг бошиданоқ манфаатларни мувофиқлаштириш механизми сифатида яратилган эди”, дейди Россия Президенти ва БМТ Низоми бундан буён ҳам халқаро ҳуқуқнинг асосий манбаи бўлиб қолиши кераклигини айтиб ўтган.

Маълумот учун, Бишкекда бугун, 1 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисидан сўнг “ШҲТ плюс” форматида мамлакатлар етакчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда 18 та давлат ва 7 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.

Қирғизистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги раислигини якунлади ва уни Покистонга топширди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Бишкекда бўлиб ўтган “ШҲТ плюс” саммитида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Арманистон билан низони ҳал қилишда ҳеч қандай роль ўйнамаганини айтган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends