Бишкекдаги “подиум”: биринчи хонимлар қандай либосларда кўриниш берди?

World

image

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри сўнгги кунларда нафақат сиёсий музокаралар, балки нафис образлар билан ҳам эътибор марказида бўлди. ШҲТ саммити доирасидаги тадбирларда иштирок этган биринчи хонмларнинг либослари турли мамлакатларнинг миллий услуби, замонавий мода ва расмий услуб уйғунлигини намойиш этди.

Жорий йилнинг 31 август куни Бишкекда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва биринчи хоним Ойгул Жапарова дастлаб Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва унинг рафиқаси, Хитойнинг биринчи хоними Пен Лиюанни кутиб олган.

Хитойча классика

Хитойнинг биринчи хоними Пен Лиюань ташриф учун ергача тушадиган кўк рангли кўйлакни танлаган. Либос дизайнида анъанавий хитой қипао кийимининг элементлари яққол кўзга ташланади. Тўғри бичим унга нафис ва вазмин кўриниш берган.

Пен Лиюань машҳур халқ қўшиқчиси бўлган ва Хитой телевидениесининг асосий Янги йил концертларида мунтазам иштирок этган. У кўп йиллар давомида ҳарбий ансамбль таркибида ҳам фаолият юритган. Халқ қўшиқлари йўналишида магистр даражасини олган Хитойдаги илк ижрочилардан бири сифатида Пен Лиюань кўплаб қўшиқ танловларида мукофотларга сазовор бўлган.

У, айниқса, қизлар ва аёллар таълими масалаларига катта эътибор қаратади. 2014 йилда UNESCO уни қизлар ва аёллар таълимини ривожлантириш бўйича махсус элчи этиб тайинлаган.

Хорижий сафарлари давомида Пен Лиюань кўплаб таълим муассасалари ва болалар шифохоналарига ташриф буюрган. У, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сил касаллиги ва ОИВ/ОИТСга қарши кураш бўйича эзгу ният элчиси ҳисобланади.

Пен Лиюаннинг ўзига хос услуби бор. У анъанавий хитой силуэти, замонавий мода ва пухта ўйланган дипломатик гардеробни уйғунлаштиради. У кўпинча анъанавий хитой кийимларининг замонавий ва вазмин талқинларини танлайди. Булар орасида тик ёқали кўйлаклар, хитойча тугмачали жакетлар, анъанавий нақшлар, кашталар, симметрик деталлар ҳамда хитойча безаклардан фойдаланилган матолар бор.

Шарқона нафислик

31 август куни Бишкекка ташриф буюрган Ўзбекистоннинг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева нақшли кўйлак ва камарли тўқ рангли пиджакда кўриниш берган. Паст пошнали туфли унинг классик образини янада тўлдирган.

Президентларнинг турмуш ўртоқлари қирғиз халқ амалий безак санъати усталарининг асарлари кўргазмаси билан танишган “Ала-Арча“ давлат қароргоҳида Мирзиёева нафис оч пушти рангдаги юбка ва жакетдан иборат тўпламда кўриниш берган.

Зироат Мирзиёева мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи. У 2020 йилдан буён халқаро жамоат фонди – “Замин“ васийлик кенгашига раҳбарлик қилади. Фонд фаолияти уч йўналиш – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий соҳа ва хайрия ишларини қамраб олади.

2025 йилда Зироат Мирзиёева онкология соҳасидаги энг нуфузли 100 нафар аёл рўйхатига киритилган.

Мутахассислар унинг болаларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича ташаббусларни илгари суриш, болалар онкологияси соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда оғир касалликларга чалинган болаларнинг яшаб қолиш кўрсаткичларини оширишга қаратилган глобал ҳаракатни қўллаб-қувватлашдаги ҳиссасини қайд этган.

Расмий ва халқаро тадбирларда Зироат Мирзиёеванинг услуби вазмин ва нафислиги билан ажралиб туради. У анъанавий ўзбекона унсурларни замонавий классика билан уйғунлаштиради.

Европа классикаси

Озарбайжоннинг биринчи хоними Меҳрибон Алиева постсовет ҳудудидаги энг кўзга кўринган биринчи хонмлардан бири ҳисобланади. У “Манас” аэропортига енгил ялтироқ матодан тикилган, енглари кенгайиб борувчи қора блузка ва оқ шимда етиб келган. Бу парвоз учун замонавий “smart-casual” услубидаги образ бўлган. Тўқ рангли кўзойнак ва силлиқ турмак унинг қиёфасига жиддийлик бағишлаган.

Кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида Меҳрибон Алиева оч рангли, тўғри бичимли, узун енгли ва баланд ёқали макси-кўйлакда кўриниш берган. Кумушранг сумка эса образга ёрқин акцент бўлган.

Мутахассислиги бўйича Меҳрибон Алиева офтальмолог-шифoкор. У 2004 йилдан буён ижтимоий, таълим, маданий ва гуманитар лойиҳалар билан шуғулланувчи Ҳайдар Алиев жамғармасига раҳбарлик қилади. У ўн йил давомида Миллий Мажлис депутати бўлган. 2017 йил февралида Озарбайжоннинг биринчи вице-президенти этиб тайинланган ва ҳозир ҳам ушбу лавозимни эгаллаб турибди. 2022 йилгача UNESCO’нинг эзгу ният элчиси сифатида фаолият юритган.

Кийим борасида у нафис вазминлик, сокин ранглар ва аниқ чизиқларни афзал кўради.

Қирғизча этно-услуб

Ойгул Жапарованинг оммавий қиёфаси Меҳрибон Алиева ва Зироат Мирзиёеваникидан сезиларли даражада фарқ қилади. У қирғиз миллий маданиятига кўпроқ урғу беради, бироқ уни замонавий дипломатик гардероб билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилади. Миллий унсурлар унинг оммавий образининг ўзига хос қисмига айланган.



Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида Қирғизистоннинг биринчи хоними узун енгли, оч рангли блузка ва нақшли, текстурали матодан тикилган узун юбкада бўлган.

“Ала-Арча“ давлат қароргоҳида эса Ойгул Жапарова майда нақшли матодан тикилган, узун енгли ва бўйин қисмида юмшоқ бантли миди-кўйлакда меҳмонларни кутиб олган.

Ойгул Жапарова И.Арабаев номидаги Қирғиз давлат университетининг педагогика факультетини тамомлаган. У “Умут булагы“ жамоат фондига асос солган. Фонднинг асосий мақсади оналар ва болаларни қўллаб-қувватлаш бўлган. 2022 йилда ушбу фонд ёпилгач, у шу йўналишдаги янги “Эне-балага тирек“ фондига раҳбарлик қилишда давом этган.

Қирғизистоннинг биринчи хоними жамоатчилик фаолиятида асосан ижтимоий ва гуманитар масалалар билан шуғулланади, президентнинг хорижий сафарларида унга ҳамроҳлик қилади ҳамда аёллар, болалар, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар вакиллари билан мустақил учрашувлар ўтказади.

Вазмин нафислик

Туркиянинг биринчи хоними Эмина Эрдўғаннинг услуби вазмин ва консерватив. Унинг гардеробида ёпиқ бичимдаги кийимлар – узун кўйлаклар, юбкалар ва пальтолар, шунингдек, рўмол ўраш услуби устунлик қилади. Либослари кўп қатламли ва кенг бичимли бўлиши билан ажралиб туради. Шу билан бирга, у кашта, брошь ва тақинчоқларни ҳам яхши кўради.

“Ала-Арча“ давлат қароргоҳига ташрифи вақтида Эмина Эрдўған классик образда бўлган. Унинг осмонранг чопонидаги ёқа ва кенгайиб борувчи енгларда анъанавий услубдаги каштали нақшлар асосий безак вазифасини бажарган.

Туркиянинг биринчи хоними Эмина Эрдўған “Акшам” санъат мактабида таҳсил олган, бироқ очиқ манбаларга кўра, ўқишини якунламаган. У асосан ижтимоий, гуманитар, экологик ва маданий лойиҳалар билан шуғулланади. Шунингдек, турк маданияти, анъанавий ҳунармандчилик ва барқарор истеъмол ғояларини фаол тарғиб қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон, Туркия, Хитой ва Озарбайжон биринчи хонимлари Қирғизистоннинг биринчи хоними Ойгул Жапарова ҳамроҳлигида Бишкек шаҳрида ташкил этилган ноёб қўл меҳнати маҳсулотлари кўргазмасига ташриф буюриб, болалар жамоалари ижросидаги концерт дастурини томоша қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends