Бишкекда ШҲТнинг 25 йиллик юбилей саммити бошланди

World

image

Бугун, 1 сентябрь куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллигига бағишланган саммит расман старт олди. Саммитда ШҲТга аъзо барча 10 давлат раҳбарлари иштирок этмоқда.

Қирғиз ОАВларининг маълум қилинишича, йиғилиш Қирғизистон пойтахтидаги янги “Ирис ордо” конгресс-ҳолида ўтказилмоқда. 1 сентябрь саммитнинг асосий куни ҳисобланади. Дастлаб ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси, шундан сўнг “ШҲТ плюс” форматидаги йиғилиш ўтказилади.

Қирғизистоннинг ШҲТдаги раислиги “25 йиллик ШҲТ: биргаликда барқарор тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида ўтказилмоқда.

Юбилей саммитида минтақавий хавфсизликдан тортиб, сунъий интеллектдан иқтисодиётда фойдаланишгача бўлган қатор масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган. Саммит якунида Бишкек декларациясини қабул қилиш кўзда тутилган. Ҳужжат лойиҳаси аввалроқ ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари томонидан келишиб олинган.

Айни пайтда ШҲТ таркибига Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради.

Маълумот учун, ташкилот 1996 йилда “Шанхай бешлиги” сифатида тузилган. Унинг таркибига Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон кирган бўлиб, асосий мақсадлардан бири ҳарбий соҳада ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва давлатлар чегараларини демилитаризация қилиш эди.

2001 йилда Ўзбекистоннинг қўшилиши билан ташкилот расман Шанхай ҳамкорлик ташкилотига айланган. Шу билан бирга, унинг кун тартиби сезиларли даражада кенгайиб, терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши кураш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратила бошланган.

Кейинги икки ўн йилликда ШҲТ яна 4 та давлат ҳисобига кенгайди. Ташкилот фаолияти ҳам фақат хавфсизлик масалалари билан чекланиб қолмай, иқтисодиёт, савдо, транспорт, энергетика, технология ва бошқа соҳаларни қамраб олди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда иштирок этиш учун Бишкек шаҳрига жўнаб кетганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends